Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорнинг 20 фоизлик кредитининг 5 фоизи жамғарма томонидан қопланади
17:21 / 2021-04-02

Тадбиркор банкдан 20 фоизлик кредит олса, 5 фоизини Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан беғараз ёрдам сифатида қоплаб берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида жамғарма томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Матбуот анжумани доирасида ЎзА мухбирининг мавзуга оид саволларига Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори ўринбосари Умурбек Исмоилов жавоб берди.

– Ушбу жамғарма ташкил этилганига 4 йил бўлди. Жамғарма томонидан ўтган давр мобайнида қандай ишлар амалга оширилди?

– Президентимизнинг тегишли қарорига асосан 2017 йил Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган эди, – дейди У.Исмоилов. – Жамғармамиз шу бугунгача тадбиркорларга молиявий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Жумладан, тадбиркорлар кўп ҳолларда тижорат банкларидан кредит олишда уни расмийлаштириш жараёнида битта асосий муаммога дуч келади. Яъни, гаров таъминотининг етишмаслиги. Мана шундай ҳолларда жамғармамиз тадбиркорларга тижорат банкидан олинаётган кредитнинг 50 фоизигача, лекин 8 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда кафиллик хати беради.

Масалан, тадбиркор фаолиятини йўлга қўйиш ёки фаолиятини ривожлантириш учун тижорат банкидан 1 миллиард сўм миқдорида кредит олаётган бўлса, унга гаров таъминоти етмаётган бўлса, 500 миллион сўм қисми, яъни кредитнинг ярмига жамғарма кафиллик хати беради. Бу тижорат банкларида гаров таъминоти сифатида олинади. Қолган 50 фоизига тадбиркор банк сўраган гаров турларининг бир нечтасини тақдим қилган ҳолда кредит олиши мумкин бўлади.

Бу жамғарманинг биринчи молиявий ёрдами бўладиган бўлса, тадбиркорлар учун иккинчи молиявий ёрдам тижорат банклари томонидан кредитлар фоиз ҳисобида берилади. Яъни, хорижий валютада бўладиган бўлса, банклар томонидан белгиланган фоиз ставкалари асосида кредит ажратилади. Ўша олинадиган кредитнинг фоиз ставкаси тадбиркорнинг бизнеси учун қимматлик қиладиган бўлса, жамғарма томонидан ўша тижорат банки томонидан белгиланган фоиз ставканинг маълум бир қисми, Марказий банкнинг фоиз ставкасидан юқори бўлган 5 фоиз компенсация тақдим қилинади.

Агар тадбиркор миллий валютада 1 миллиард сўм миқдорида кредит оладиган бўлса, банк уни йиллик 20 фоизини тақдим қиладиган бўлса, 20 фоизнинг беш фоизи жамғарма томонидан тадбиркорга беғараз ёрдам сифатида қоплаб берилади. Тадбиркорга ушбу кредит йиллик 15 фоиздан айланади. Бу тадбиркорнинг бизнесини ривожлантириш учун яхши имконият. Аниқроқ айтадиган бўлсак, жамғарма томонидан тадбиркорларга фоиз харажатларини камайтириш мақсадида қоплаб бериладиган компенсациялар жамғармага қайтарилмайди.

Бугунги кунга қадар қарийб 35 мингга яқин тадбиркорлик субъектларига жамғарма томонидан молиявий ёрдам кўрсатилди. Ўтган 2020 йил давомида пандемия шароитида кўпчилик тадбиркорларимиз кредит маблағларини тўлашда қийналди. Ушбу ҳолатда тижорат банклари томонидан олинган кредитлар 6 ойга узайтирилиб берилди. Биргина 2020 йилнинг ўзида 20 мингдан ортиқ тадбиркорга жамғарма томонидан молиявий ёрдам кўрсатилди.

– Тадбиркорлар жамғарманинг молиявий ёрдамидан фойдаланиш учун қай тартибда мурожаат этиши керак?

– Тадбиркорларимиз жамғарманинг молиявий ёрдамидан фойдаланиш учун жамғармага келишлари шарт эмас. Уларнинг иши енгил бўлиши учун жамғарманинг туман, вилоятда юридик мурожаат бўлимлари бўлмаганлиги сабабли шундай иш тартиби йўлга қўйилганки, тадбиркор кредит олмоқчи бўлган банкига кредит олишни сўраб мурожаат қилган аризасида жамғарманинг молиявий ёрдамидан фойдаланиши тўғрисида ёзиб қолдириши керак. Шунинг ўзи кифоя. Жамғармага келиб бирор ҳужжат тақдим қилиши шарт эмас. Қайсидир тижорат банкидан кредит расмийлаштирмоқчи бўлса, ўша кредит сўраб ёзган аризасига биноан банк ходими электрон тарзда жамғармага буюртманома тақдим қилади. Буюртманома жамғарма томонидан бир кунда кўриб чиқилиб, жавоб хати берилади. Агар ушбу буюртманома жамғарма томонидан маъқулланадиган бўлса, демак 3 томонлама шартнома электрон тартибда жўнатилади. Ҳар бир ариза ва буюртманома электрон тарзда амалга оширилади.

– 2020 йилда жамғармага тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан қанча маблағ ажратилди, жорий йилчи?

– 2020 йилда жамғармага давлат бюджет маблағлари ҳисобидан 200 миллиард, бундан ташқари, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси томонидан 5 миллиард миқдорда маблағ ажратилиши кўзда тутилди. Ушбу маблағ тижорат банкларига ажратилган. Яъни, 2020 йил пандемия даврида тадбиркорларга, қолаверса, туризм йўналишидаги тадбиркорларга меҳмонхона хўжалигини ташкил қилишда молиявий кўмак берилди. Бундан ташқари, Бухоро вилоятида содир бўлган табиий офат натижасида талафот кўрган иссиқхона хўжаликларни қайта тиклашда берилган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 100 фоизи жамғарма томонидан қоплаб берилди. Яна мазкур маблағларнинг сарфланиши бўйича яна мисол қилиб айтиш мумкин. Фарғона вилоятида турли йўналишдаги лойиҳалар учун жамғарма томонидан компенсация кўринишидаги молиявий ёрдамлар амалга оширилди.

2021 йилда давлат бюджетидан жамғармага 200 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Мазкур маблағлар тадбиркорларнинг фоиз харажатларини камайтириш бўйича компенсацияга ҳамда ўша олинган кафилликлар бўйича тўловларни амалга оширилишига йўналтирилади.

– Жамғарма томонидан экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорларга қанақа ёрдам кўрсатилмоқда?

– Бугунги кунда жамғарма томонидан экспортёрларга экспорт олди амалиётларни амалга ошириши учун тижорат банклари томонидан экспорт олди харажатларни қоплаш, айланма маблағларни олган тижорат банки томонидан белгиланган фоиз ставкани асосий ставкадан юқори бўлган қисми, 10 фоизгача бўлган қисми жамғарма томонидан қоплаб берилади. Бундан ташқари, тадбиркорларимизга жамғарма томонидан компенсация кўринишидаги молиявий ёрдам кўрсатилади. Айнан экспортёр тадбиркорларимизга айланма маблағларини шакллантиришлари учун тижорат банклари томонидан олинадиган кредит миқдоридан қатъий назар жамғарма томонидан молиявий ёрдам кўрсатилади. Яъни, 10 миллиард сўмдан юқори бўлса ҳам компенсация берилади. Тадбиркорлар учун яна бир муҳим янгилик, эндиликда тадбиркорларимиз тижорат банклари томонидан қанча фоиздан кредит олишидан қатъий назар ўша кредит фоизининг 50 фоизига компенсация ажратилади.

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА,

ЎзА мухбири