Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорни ноқонуний текширишга ҳеч кимни ҳаққи йўқ
10:18 / 2021-04-14

Давлатимиз томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга берилаётган катта эътиборга қарамасдан уларнинг фаолиятини ноқонуний текширувчилар ҳам учраб турибди.

Президентимизнинг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт. Текширувларни рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.

Бироқ Жиззах вилояти аҳоли бандлигига кўмаклашиш бош бошқармаси ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан тадбиркорлар фаолиятини текширишда ушбу қоидага риоя қилмаслик ҳоллари содир этилган. Жумладан, бошқарма ходимлари томонидан Зомин туманидаги “Лазиз” хусусий корхонасида меҳнат қонунчилигига риоя этилишини ўрганиш бўйича текширув ўтказишда белгиланган тартиб бузилишига йўл қўйилган. Ушбу текширув текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилмасдан амалга оширилган.

Худди шундай камчилик Бахмал тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази буйруғи билан марказнинг давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори З.Мансуров ва ишга жойлаштириш инспектори Н.Жумағулов томонидан АТ “Халқ банки” туман филиалида ўтказилган текширувда ҳам йўл қўйилган. Текширув давомида банкнинг 4 нафар ходими дам олиш куни бўлишига қарамасдан ҳеч қандай буйруқ ва касаба уюшмасининг розилигисиз иш жойида эканлиги аниқланган ва далолатнома тузилган. Лекин ушбу текширув ҳам текширувларни рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмасдан ноқонуний ўтказилган.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишдаги бундай камчиликларга вилоятнинг бошқа туманларидаги бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан йўл қўйилган. Ушбу текширувлар текширув ўтказиш ҳуқуқига эга бўлмаган, аттестациядан ўтмаган ходимлар томонидан ўтказиб келинган. Ваҳолангки, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган “Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомда аттестациядан ўтмаган ходимга тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ман этилиши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-Омбудсман) девони ходимлари томонидан Жиззах вилояти бандлик бош бошқармаси ҳамда унинг шаҳар, туман марказларида 112 маротаба ноқонуний текширув ўтказилгани аниқланди.

Аниқланган ҳолатлар бўйича Бизнес-омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тадбиркорлар фаолиятида амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширувлар ўтказилишини таъминлаш, аниқланган қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган ходимларни қонунда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласини қатъий ҳал қилиш тўғрисида тақдимнома киритилди.

Ушбу масала вилоят бандлик бош бошқармасида барча шаҳар, туман бандликка кўмаклашиш марказлари раҳбар ва инспекторлари иштирокида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилиниб, қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Тақдимномада кўрсатилган қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган Жиззах шаҳар, Зомин, Арнасой, Фориш, Мирзачўл, Бахмал туманлари аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторларига нисбатан ҳайфсан интизомий чораси қўлланилди. Зарбдор, Дўстлик ва Зафаробод туманлари бандликка кўмаклашиш марказлари давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди.

Тадбиркорларнинг қонуний ҳимоясини таъминлаш мақсадида бу каби назорат тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман девони томонидан доимий ўтказиб борилмоқда.

– Жорий йилнинг 8 апрель куни Президентимиз тадбиркорликни ривожлантириш ва жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси бўйича устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида тадбиркорлар фаолиятида тўсиқларга қарши курашни кучайтириш бўйича берилган топшириқлар зиммамизга янада катта масъулият юклайди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман девони бош инспектори Сардор Усмонов. – Тадбиркорларнинг қонуний ҳимоясини таъминлаш мақсадида, бу каби назорат тадбирлари Бизнес-омбудсман девони вилоятдаги ходимлари томонидан доимий равишда олиб борилмоқда.

 Т.Бекназаров, ЎзА