Тадбиркорни ноқонуний текширган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилди
Нукусда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) девонининг Қорақалпоғистон Республикасида фаолият кўрсатувчи ходимлари томонидан семинар-тренинг ўтказилди.
Тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, 2020 йилда тадбиркорлик субъектларида 3388 та текшириш ўтказилган. Ушбу текширишларнинг қонунийлиги бўйича Бизнес-омбудсман ходимлари томонидан мониторинг ўтказилганида, 74 ҳолатда ноқонуний текшириш ўтказилганлиги ва 71 ҳолатда текширишларнинг белгиланган тартиби бузилганлиги аниқланди. Натижада назорат қилувчи органларининг 78 нафар мансабдор шахсига маъмурий жазо чоралари қўлланилди.

Семинар-тренинг якунида келгусида тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширишларда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига қатъий риоя қилиниши юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА