Фарғонада тадбиркор фаолиятини ноқонуний текширган Фарғона туман Кадастр агентлиги ходими маъмурий жаримага тортилди.
Маълумки, тадбиркорлик субъекти фаолияти юзасидан ўтказиладиган ноқонуний текшириш ёки текширишда белгиланган қатъий талабларга амал қилмаслик ҳолатлари тадбиркор интилишларини сўндириши билан бирга ҳудуддаги ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатади.
Вакил девони ходимлари томонидан жорий йилнинг шу кунига қадар Кадастр агентлигининг 31 та ходимига нисбатан ноқонуний текшириш, текшириш тартибини бузиш бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судларга юборилган.
Шунингдек, Кадастр агентлиги ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларида ўтказилган ноқонуний текширишлардан ўзларига тегишли хулоса чиқармасдан келинаётганлиги аниқланди.
Хусусан, 2020 йил 02 февраль куни Фарғона туманида фаолият юритиб келаётган «Охак Сифат Саноат Қурилиш» МЧЖда Фарғона туман кадастр агентлигининг етакчи мутахассисси У.Нишонов томонидан текширув ўтказилиб, далолатнома расмийлаштирилган.
“Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонининг 5-бандига кўра 2018 йил 1 сентябрдан назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт деб белгиланган.
Мазкур фармонга кўра, текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланиши белгиланган бўлсада, Кадастр агентлигининг Фарғона туман бўлими етакчи мутахассисси У.Нишонов томонидан текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимга киритмасдан тадбиркор фаолиятини ноқонуний текширган.
Юқоридагиларга кўра, Вакил девони ходимлари томонидан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 2412-моддасига асосан У.Нишоновга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, тегишли судга тақдим қилинди.
Риштон тумани маъмурий суди томонидан У.Нишонов тадбиркорлик субъектида ўтказилган текширишда содир этилган ҳуқуқбузарликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 2020 йил 02 декабрда жарима жазоси тайинланди.
Фарҳод Аҳмедов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги вакил девони етакчи инспектори