Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман девонига Жиззах вилоятида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан жорий йилнинг январь-июнь ойига қадар келиб тушган 237 та мурожаатнинг 221 таси ҳал этилди. Қолган 16 таси эса кейинги ҳисобот даврига қолдиқ бўлиб ўтди.
Ана шундай қонун бузилишларнинг олдини олиш ва тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган «уддабуронлар» иши қонун доирасида ўрганилиб, тегишли тартибда жавобгарликка тортилмоқда.
Жумладан, Жиззах вилоятида фаолият юритаётган “BEST AGRO FOODS” фермер хўжалиги раҳбари Ш.Ваҳобовнинг Зафаробод туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан тузилган шартномалар бўйича юзага келган қарздорлик вақтида тўлаб берилмаётгани бўйича қилинган мурожаати юзасидан олиб борган ўрганишлар натижасида “BEST AGRO FOODS” фермер хўжалиги ва Зафаробод туман Ободонлаштириш бошқармасига умумий қиймати 18 миллион 250 минг сўмлик манзарали гул ўсимликларни ўз вақтида етказиб берган бўлсада, қарздорлик белгиланган муддатларда тўлаб берилмаганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан Жиззах туманлараро иқтисодий судига “BEST AGRO FOODS” фермер хўжалиги фойдасига Зафаробод туман Ободонлаштириш бошқармаси ҳисобидан етказилган зарарни ундириш тўғрисида даъво ариза киритилиб, мавжуд қарздорлик ундириб берилди.
Бундан ташқари, Жиззах вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасида ўтказилган ўрганиш давомида соҳа ходимлари томонидан 300 дан ортиқ ҳолатда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ноқонуний текширувлар ўтказилганлиги ва текширувлар ўтказишнинг белгиланган тартиби бузилганлиги аниқланди.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилиб, 15 нафар мансабдор шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 2412-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, қонуний ҳал этиш учун судларга юборилиши натижасида судларнинг тегишли қарорлари билан ҳуқуқбузарларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилди.
Жумладан, жиноят ишлари бўйича Зомин туман судининг қарори билан Зомин туман СEОМ ва ЖС бўлими масъул ходими З.Яриев Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 2412-моддаси билан ҳуқуқбузар деб топилиб, унга нисбатан шу модда билан МЖтКнинг 33-моддаси қўлланилган ҳолда 4 миллион 460 минг сўм жарима жазоси тайинланди.
Бизнес-омбудсман томонидан шу каби тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётганларга нисбатан назорат кучайтирилиб, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари доимий ҳимоя қилиниши таъминланади.
Асилбек Эргашев,
Бизнес-омбудсман девони етакчи инспектори.
ЎзА