Тошкент вилоятида профессионал тадбиркорлар иштирокида ёшлар учун “Бизнес марафон” мотивацион тренинглар ўтказилмоқда.
Олмалиқ шаҳрида ўтказилган ана шундай тадбир тадбиркорликда муваффақиятга эришиш сирларига бағишланди.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси, Ёшлар-келажагимиз жамғармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирлар ёшларга ўз бизнесини самарали йўлга қўйиши учун кўтаринки руҳ ва мотивация беришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унда бизнесда юқори натижаларни қўлга киритиб, профессионаллар қаторидан жой олган тадбиркорлар ёшлар билан суҳбатлашди.
Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов ҳам тадбирда иштирок этиб ёшларнинг қизиқиши, фикр-мулоҳазаларини тинглади. Келгусидаги бизнес режалари юзасидан суҳбатлашди. Тадбиркорлик қилиб, янги иш ўринлари яратиш ҳаракатида бўлган янги ғоя ва ташаббускорларни қўллаб-қувватлади.

Маълумотларга кўра вилоятда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги 1 минг 342 нафар йигит-қиз “Ёшлар 1+1” лойиҳаси доирасида тадбиркорликка ўқитилган. Шунингдек, 1 минг 400 нафардан ортиқ ёшларга ўз бизнесларини мақсадли амалга ошириши учун жорий йилнинг биринчи чорагида 63 миллион сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилган. 2 минг нафардан ортиқ ёшлар маҳоратли тадбиркорларга бириктирилган.
Ўтказилган мотивацион тренинг давомида мутахассислар томонидан ёш йигит-қизларга соҳага оид билим ва кўникмаларини ошириши учун зарур маслаҳатлар ҳам берилди.
Бу каби тадбирлар Бекобод, Чирчиқ ва Нурафшон шаҳарларда ҳам ўтказилди.
А.Мусаев, ЎзА