Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тадбиркорликни ривожлантиришда вилоят салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти”
18:24 / 2021-04-15

Бу ҳақда Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тадбиркорлар ва жамоатчиликка қилган мурожаатида таъкидлаб ўтди.

Вилоятда жами 57 минг 483 та кичик тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган. Жорий йилнинг 1-чорагида ташкил этилган 6 минг 415 та янги иш ўринларининг 99,5 фоизи (6 минг 384 та) кичик бизнес ҳиссасига тўғри келади.

Таҳлил қилинганда вилоятда рўйхатдан ўтган жами 28 минг 867 та кичик бизнес субъектининг 8 минг 770 таси (30 фоизи) савдо соҳасида, 6 минг 223 таси (22 фоизи) қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келади. Лекин саноат 4 минг 339 та (15 фоиз), қурилиш 3 минг 465 та (12 фоиз) ва хизмат кўрсатиш 6 минг 70 та (21 фоиз) соҳаларидаги кўрсаткичлар пастлигича қолмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 3 минг 50 та юридик мақомдаги янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баробар кўп. Тадбиркорлик соҳасига жами 1,5 триллион сўм ёки ўтган йил 1-чорагига нисбатан 341 миллиард сўм кўп кредит маблағлари ажратилган. Шундан, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга 150 миллиард сўм (110 миллиард сўм кўп) кредит маблағлари йўналтирилди.

– Шунча саъй-ҳаракатларга қарамай тадбиркорликни ривожлантиришда вилоят салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти, – деди вилоят раҳбари. – Вилоятда 12 миллион куб метр қум-шағал захирасининг 20 фоизидан фойдаланаяпмиз холос. Ойна ишлаб чиқариш учун доломит ва кварц қуми захираси 33,3 миллион тонна бўлиб, унинг бор йўғи 7 фоизидан фойдаланаяпмиз. Шунингдек, деворбоп тошлардан (9,5 миллион куб метр 4 фоиз), керамзит хом ашёсидан (19 миллион куб метр 5 фоиз), гипс ва ангидритдан (19 миллион тонна, 48 фоиз), табиий пардозбоп тошлардан (16 миллион куб метр, 3 фоизи) ва кўмир захирасидан (5,4 миллион тонна, 0 фоиз) фойдаланишимиз ачинарли аҳволда.

[gallery-2047]

Таъкидланишича, 2020 йил ва жорий йилнинг 1-чорагида вилоятда тадбиркорликни ривожлантиришда кўплаб камчиликларга йўл қўйилган. Хусусан, 1-чоракда юридик мақомдаги янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш топшириғи Шаҳрисабз шаҳрида 44 фоизга, Деҳқонободда 44 фоизга, Шаҳрисабзда 51 фоизга, Қаршида 58 фоизга, Муборакда 59 фоизга бажарилган, холос. Натижада 1 минг 500 та иш ўринлари яратилмаган. Ўтган биринчи чорак давомида 248 та корхона фаолияти тикланиб, белгиланган топшириқ 47 фоизга бажарилган ёки 285 та корхона фаолияти тикланмай қолиши натижасида 627 та иш ўрни йўқотилган.

Вилоят раҳбарининг қайд этишича, 2020 йилда тижорат банклари томонидан, ижтимоий дастурлар доирасида ажратилган тайёр кредит ресурсларидан 15,3 миллиард сўм ўзлаштирилмасдан қолган. Хусусан, Агробанкда 6,4 миллиард сўм, Халқ банкида 5,3 миллиард сўм, Микрокредит банкда 3,6 миллиард сўм ўзлаштирилмаган.

Шунингдек, вилоятда 46 та кичик саноат зонаси фаолият юритмоқда (112 гектар). Уларга 156 та лойиҳа жойлаштирилиб, шундан 47 таси ишга туширилган, 109 тасида қурилиш-монтаж ҳамда асбоб ускуналарни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда Кичик саноат зоналарида 62 гектар ер майдонидан фойдаланилмасдан турибди. Бу ерда ҳам камида 180 та субъектни жойлаштириш мумкин эди. Хусусан, Ғузорда 10 гектар, Чироқчида 9 гектар, Нишонда 8 гектар, Қаршида 5,3 гектар, Деҳқонободда 5 гектар, Яккабоғда 3,5 гектар ва Қарши шаҳрида 4,5 гектар жой бўш турибди.

Бундан ташқари, кичик саноат зоналаридаги 359 та лотлардан 67 таси (19 фоиз) бўш турибди. Қарши шаҳрида 6 та, Чироқчида 49 та, Косонда 11 та лотларга ташаббускорлар аниқланмаган.

2021 йилда 54 гектарга 26 та янги кичик саноат зонаси ташкил этилиши белгиланган. Топшириққа 6 ой ўтган бўлишига қарамасдан кичик саноат зоналарининг бош режалари, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда экспертиза хулосасини олиш охирига етказилмаган. Натижада, Республика бюджетидан ташқи муҳандислик ва коммуникация ишларига 26 миллиард сўм маблағ ажратиш кечикмоқда.

– “Ер электрон” дастурига киритилган 4341 та (205 гектар) ер майдонларидан 1-чоракда 2 минг 502 таси ёки 58 фоизи аукционга чиқарилган, – дейди З.Мирзаев. – Шундан 1 минг 224 таси (55 гектар) ёки 49 фоизи сотилган, холос. Бу ҳокимликлар томонидан маълумотларнинг аҳолига тўлиқ етказилмаганидан далолат беради.

Ў.Баротов, Ж.Норқобилов (сурат), ЎзА