Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорликни ривожлантириш – ислоҳатларнинг муҳим йўналиши
16:17 / 2025-11-06

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги “Янги ҳаёт” кичик саноат зонасида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда ишбилармонлар фаолиятида учраётган муаммоларни ўрганиш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур мулоқот Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан, вилоят солиқ бошқармаси ҳамда Савдо-саноат палатасининг вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Учрашувда вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Камолжон Халиков, мутасадди идора ва ташкилотлар масъуллари, шунингдек, кичик саноат зонасида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирок этишди.

–  Тадбиркорликни ривожлантириш — бу нафақат иқтисодий, балки ҳуқуқий ислоҳотларнинг ҳам муҳим йўналишидир,  –  деди Камолжон Халиков.  –  Адлия органлари вазифаси фақатгина назорат билан чекланмайди, балки тадбиркорларга ҳуқуқий маслаҳат бериш, улар фаолиятида қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, ҳар бир мурожаатни амалдаги ечимга айлантиришдир. Бугунги мулоқотнинг асосий мақсади ҳам — тадбиркорлар билан юзма-юз суҳбат орқали аниқ муаммоларни ўрганиб, уларни жойида ҳал этишдан иборат.

Мулоқот давомида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, яратилган имтиёзлардан самарали фойдаланиш, давлат органлари билан очиқ мулоқот, шунингдек интеллектуал мулк, патент олиш ва бренд яратиш жараёнларига доир мавжуд қонунчиликдаги янгиликлар батафсил тушунтирилди.

–  Бу каби очиқ мулоқотлар биз учун жуда муҳим,  –  дейди “Янги ҳаёт” кичик саноат зонасида фаолият юритаётган тадбиркорлардан бири.  –  Айрим масалаларни тўғридан-тўғри масъуллар билан муҳокама қилиш орқали ечим топиш анча осонлашади.

Мулоқот давомида тадбиркорлар ўз фаолиятларида учраётган муаммолар ҳақида сўз юритишди, аниқ таклиф ва ташаббусларини илгари суришди. Масъуллар томонидан мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, айрим масалаларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди.

Учрашув якунида вилоят адлия бошқармаси ҳамда ҳамкор идоралар вакиллари саноат зонасидаги корхоналар фаолияти билан яқиндан танишишди. Инфратузилма, ер ажратиш, коммуникация ва рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ масалалар ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

–  Биз ҳар бир тадбиркорнинг  ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз, –  деди Камолжон Халиков мулоқот якунида.  –  Энг муҳими, қонун устуворлиги таъминланса, тадбиркорнинг ишончи ортиб, иқтисодий ривожланишга хизмат қилади. Шу боис, адлия тизими учун тадбиркорлар билан ҳамжиҳатликда ишлаш — доимий вазифадир.

Мулоқот якунида тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ҳамда “давлат – тадбиркор – жамият” ҳамкорлигини кучайтириш бўйича амалий таклифлар илгари сурилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири