ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукусда O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг ишбилармонлик салоҳиятини ошириш ҳамда иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Тадбиркорликни нолдан бошлаш” мавзуида семинар-тренинг ўтказилди. Унда партия масъуллари, фаол тадбиркор аёллар, касб-ҳунар ўрганаётган ёшлар ва тадбиркорликка қизиқиш билдирган хотин-қизлар иштирок этди.
Семинарда Амударё туманидаги нон ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланувчи “MF food” ва “AMUDARYO Milky Food” брендлари асосчиси, “Ишбилармон аёл-2025” танлови Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиби Дилдора Ҳайитбоева қатнашиб, ўзининг тадбиркорлик соҳасидаги тажрибаси, муваффақият сари босиб ўтган йўли ва аёллар учун амалий тавсиялари билан ўртоқлашди.
– Ҳар бир аёл иш бошлашда, албатта, қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлади, - дейди Дилдора Ҳайитбоева. – Аввало, яқинларининг ишончи ва руҳий кўмаги, шундан сўнг эса давлат томонидан яратилаётган имкониятлар муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда эса хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш учун кенг шароит яратилган. Муҳими, аёллар ўз қобилиятига, қудратига ишониб иш бошлаб олса етарли.
[gallery-25710]
Семинар-тренинг фақат назарий маълумотлар билан чекланиб қолмади. Унда иштирокчилар учун марказ ошхонасида амалий машғулотлар ҳам ташкил этилди. Бу жараёнда хотин-қизлар нон маҳсулотларини тайёрлаш, масаллиқлар танлаш ва ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита танишиш имконига эга бўлди. Шунингдек, энг фаол қатнашчиларга O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан сертификатлар топширилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА