Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашдаги камчиликлар танқид қилинди
22:30 / 2019-08-30

Жиззах вилоятида иқтисодий соҳа ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, бошқарма ва ташкилотлар, тижорат банклари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Бош вазирининг вилоятдаги қабулхоналари, масалага алоқадор ташкилотлар раҳбарлари иштирокида сессия бўлиб ўтди.


Жиззах вилоятида иқтисодий соҳа ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, бошқарма ва ташкилотлар, тижорат банклари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Бош вазирининг вилоятдаги қабулхоналари, масалага алоқадор ташкилотлар раҳбарлари иштирокида сессия бўлиб ўтди.

Унда вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама этилди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессияси ишини Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Эргаш Солиев бошқариб борди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева иштирок этиб, кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиқди.

Сенат Раиси нутқида мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, Сенатнинг яқинда бўлиб ўтган йигирма биринчи ялпи мажлисида маъқулланган халқимиз фаровонлиги ва юртимиз равнақига хизмат қилувчи қонунлар, қабул қилинган қатор қарорларга тўхталди.

Тадбиркорликни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базаси мустаҳкамланиб, ушбу соҳа вакилларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 50 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди. Соҳа ривожига тўсиқ бўлувчи кўплаб омиллар бартараф этилди. Тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашиш ва текширишлар олиб бориш тақиқланди. Тадбиркорликни давлат рўйхатидан ўтказиш, турли рухсатномалар олиш ва бошқа кўплаб хизматлар тартиб-қоидалари соддалаштирилди. Бу борада қулайлик яратиш учун Давлат хизматлари агентлиги ва унинг жойлардаги марказлари ташкил этилди. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) институти жорий қилинди.

Ҳудудларда тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиб, ҳал этишга кўмаклашадиган Бош вазир қабулхоналари ҳамда Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ташкил этилди.

Сессияда ўрганиш натижалари юзасидан парламент ишчи гуруҳи раҳбари, сенатор Т.Искандаров маърузаси эшитилиб, муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йилида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 5,8 триллион сўмга етган ва ўтган йилнинг мос даврига кўра 5,5 фоизга ошди. Кейинги йилларда вилоятга хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда уларни ўзлаштириш ишлари сезиларли даражада жонланишига эришилди.

2018 йилда хорижий инвестициялар ҳисобидан 392 миллиард сўмдан зиёд маблағ ўзлаштирилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 57,5 фоизга ошди. Жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш ҳажми ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Бироқ, эришилган натижаларга қарамай, вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда ўз ечимини кутаётган масалалар ва фойдаланилмаётган имкониятлар мавжуд.

Бугунги кунда вилоятда 17 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти фаолият юритиб, ўтган йилга нисбатан уларнинг сони қарийб 14 фоизга ошган. Бироқ, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар самарали ташкил этилмагани оқибатида айни пайтда 4 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти фаолияти тўхтаб қолган.

Шунингдек, вилоятда рўйхатга олинган 2,3 мингдан зиёд якка тартибдаги тадбиркорларнинг деярли ҳар учтадан биттаси айланма маблағ етишмаслиги, солиқ ва кредит билан боғлиқ муаммолар сабабли ўз фаолиятини тўхтатган.

Депутатлар вилоятда кейинги пайтларда экспорт ҳажмини ошириш бўйича ишлар ўз самарасини бераётган бўлса-да, бу борада ҳам ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигини кўрсатиб ўтишди. Жумладан, экcпopт билaн шуғуллaнувчи кopхoнaлapни тaшқи бoзop кoнъюнктуpacидaги ўзгapишлap, иcтиқбoлли бoзopлap, paқoбaтчилap тўғpиcидa oлиб бopилгaн тaдқиқoтлар нaтижaлapи билaн тaништиpиб бopиш ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмаган.

Вилоятда текстиль ва ноозиқ-овқат маҳсулотларига гигиеник сертификат берувчи лаборатория марказининг йўқлиги сабабли тадбиркорлар бундай маҳсулотлар учун сертификатларни қўшни Сирдарё вилоятида расмийлаштиришга мажбур бўлмоқдалар.

Шунингдек, вилоятда ташкил этилган кичик саноат зоналаридаги лойиҳаларни тўлиқ ишга тушириш борасида айрим муаммо ва камчиликлар мавжуд. Бахмал, Мирзачўл, Пахтакор, Янгиобод ва Зомин туманларидаги кичик саноат зоналарининг бош режалари тасдиқланмаган.

Айрим лойиҳаларни ишга тушириш учун зарур бўлган ер майдонлари ва бўш турган бино-иншоотларни ажратиш ва инфратузилма тармоқларига улаш ишлари кечиктирилмоқда.

Аксарият муаммолар ечимининг қийин кечиши туман, шаҳар даражасидаги масъул тузилмаларнинг вилоят бошқармалари билан, вилоят бошқармаларининг эса тегишли вазирлик ва идоралар билан ўзаро муносабатлари талаб даражасида йўлга қўйилмагани билан боғлиқ.

Қуйи тузилмаларда талабчанлик, ташаббускорлик етишмайди. Улар жойлардаги муаммолар юзасидан кўпинча ўзининг қатъий позициясига эга эмас.

Сессияда ана шу ва бошқа муаммоларни бартараф этиш, вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.