Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 12 августдаги “Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилоятининг Зомин ва Зарбдор туманларида кенг қамровли ўқув-амалий ҳамда тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Зомин туманида ўтказилган учрашувларда туман солиқ инспекцияси ва Савдо-саноат палатаси туман бўлими масъуллари иштирок этиб, давлат раҳбари томонидан қабул қилинган мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорларга атрофлича тушунтириб беришди.

Учрашувлар давомида ҳужжатда назарда тутилган янги тартиб-таомиллар, уларнинг амалиётдаги аҳамияти ҳамда тадбиркорлик фаолиятига яратилаётган енгилликлар бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Хусусан, 1 фоизли ягона солиқ маъмурият нинг янгиланган механизмлари, электрон ҳамёнлар ва рақамли платформалардан фойдаланиш имкониятлари, шунингдек, QR-код орқали тўловларни амалга оширишнинг қулай ва хавфсиз жиҳатлари содда ва тушунарли мисоллар орқали изоҳланди. Бу эса тадбиркорларнинг янги тизимларга бўлган қизиқишларини ошириш, уларни амалиётга босқичма-босқич жорий этишга хизмат қилди.

Шу билан бирга, амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида тадбиркорларга Paynet иловасидаги “Xolis” хизмати ўрнатилиши ва тўғри созланиши бўйича индивидуал кўмаклар кўрсатилди. Мутахассислар томонидан иштирокчиларнинг саволларига аниқ ва батафсил жавоблар берилиб, рақамли хизматлардан самарали фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар тақдим этилди.

Шу каби тарғибот тадбирлари Зарбдор туманида ҳам ташкил этилди. Савдо-саноат палатаси Зарбдор тумани бўлими ходимлари ҳамда туман солиқ инспекцияси мутасаддилари ҳамкорлигида деҳқон бозорида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар билан бевосита учрашувлар ўтказилди. Унда Президентнинг 2025 йил 12 августдаги қарорининг мазмун-моҳияти, шунингдек, 2026 йил 1 январдан жорий этиладиган махсус ҳуқуқий режим — Paynet иловасидаги “Xolis” хизмати ҳақида батафсил маълумот берилди. Тадбиркорларга мазкур платформанинг қулайликлари, унда рўйхатдан ўтиш тартиби ҳамда онлайн хизматларининг афзалликлари тушунтирилди.

Таъкидлаш жоизки, бундай ўқув-амалий ва тарғибот тадбирлари Жиззах вилоятининг бошқа туманларида ҳам тасдиқланган график асосида изчил давом эттирилмоқда. Улар Президент қарорининг ижросини жойларда тўлиқ таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини янада шаффоф, қулай ва рақамлаштирилган асосда ташкил этишга хизмат қилмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат) ЎзА мухбирлари