Ўзбекистон аҳолисининг сони 35 миллионга яқин. Уларнинг 17 миллиондан ортиғини ёшлар ташкил этади.
Шу боис ёшлар масалаларига давлат сиёсати даражасидаги эътибор йигит-қизларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий фаолиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирги кунда ёшларни қилган меҳнати, эришган ютуқларига яраша рағбатлантиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ташаббуси билан «Энди мен ҳам тадбиркорман» лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур лойиҳанинг биринчи босқичида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан Навоий вилоятининг Томди туманида ёшлар билан учрашув ташкил этилди. Тадбиркорликка қизиққан ёшларнинг бизнес ғоялари тингланди. Шунингдек, уларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

Эртага Конимех, Учқудуқ туман ёшлари билан ҳам учрашиш кўзда тутилган. Иккинчи босқичда эса энг яхши бизнес ғоя эгаларини сараланади, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва тадбиркорликка қизиққан ёшларни бепул таълим олишлари учун Федерация томонидан кўмак ажратилиши режалаштирилган.