Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорликка қизиққан аёллар учун ташкил этилди
11:45 / 2025-06-10

Сайхунобод туман Хотин-қизлар бўлими ҳамда Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш ва замонавий бизнес юритиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида беш кунлик ўқув-амалий семинар ташкил этилди.

Семинар доирасида иштирокчиларга тадбиркорлик асослари, бизнес режа тузиш усуллари, молия институтлари томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, “Бизнесга биринчи қадам” ва “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” дастурларининг мазмуни ва улардан самарали фойдаланиш имкониятлари кенг ёритилди.

Амалий машғулотлар жараёнида эса иштирокчилар чорвачилик, тикувчилик, гулчилик, ип-калава ишлаб чиқариш ва иссиқхона хўжалиги каби йўналишларда фаолият юритаётган маҳаллий тадбиркорлар билан яқиндан танишдилар. Улар тадбиркорлар фаолиятини кузатиб, тажриба алмашиш, савол-жавоб ва мулоқотлар орқали ўз билим ва кўникмаларини бойитиш имкониятига эга бўлдилар.

— Ушбу ўқув ва амалий семинар ишсиз, ўз бизнесини йўлга қўйиш ниятида бўлган хотин-қизларни тадбиркорликка қизиқтириш, уларда замонавий бизнес юритиш кўникмаларини шакллантириш, шу орқали туман иқтисодий салоҳиятини оширишга ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилди, — дейди туман Савдо-саноат палатаси бўлими раҳбари Шоира Шаматова.

Семинар машғулотларини Сирдарё вилояти Тадбиркорлар ассоциацияси раҳбари Б. Усманова, шунингдек, ўз фаолияти орқали туман иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшаётган тажрибали тадбиркорлар олиб борди. Улар иштирокчиларга ўз тажрибаси, ютуқлари ва бизнес юритишда дуч келадиган муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий маслаҳатларини тақдим этишди.

Тадбир якунида барча иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди. Энг фаол қатнашчилар эса эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Мазкур тадбир Сайхунобод туманида хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган муҳим амалий қадамлардан бири бўлиб, келгусида бу каби ўқув дастурларини вилоятнинг бошқа туманларида ҳам амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири