Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорликка кенг йўл очиш, ишбилармонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган форум
18:45 / 2022-06-29

Пойтахтимизда “Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга комплекс ёндашув: бизнес ҳуқуқини ҳимоя қилиш механизми ва давлат назоратини ислоҳ қилиш” мавзусида форум бўлиб ўтди.

Бизнес-омбудсман девони, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги миссияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда вазирлик, идоралар, халқаро ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, халқаро экспертлар – жами 500 га яқин мутахассис иштирок этди.

Иқтисодий тараққиётнинг асосий омили - тадбиркорлик ҳимоясини таъминлаш мақсадида сўнгги йилларда мамлакатимизда бир қатор институционал, тузилмавий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада ишбилармонлар бизнеси кенгайиб, йирик, муваффақиятли корхоналар сони ортмоқда, минглаб иш ўринлари яратилмоқда. Ички ва ташқи бозорда ўз брендига эга янги тадбиркорлар тоифаси шаклланяпти.

Айни пайт Ўзбекистонда хусусий сектор вакиллари ҳуқуқи ва қонуний манфаатини ишончли ҳимоялаш бўйича комплекс ёндашув жорий этилиши фаол давом этмоқда. Амалга оширилаётган институционал ва таркибий ислоҳот туфайли тадбиркорлар ҳуқуқини муҳофаза қилиш, улар фаолиятидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этишнинг қатор механизмлари яратилди.

Форум давомида республикамизда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг амалдаги механизми, бизнес-фаолиятни давлат томонидан назорат қилиш соҳасидаги ислоҳотлар, ишбилармонлик муҳитини жадал ривожлантиришда ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ўрни, шунингдек, бизнесга нисбатан босимни камайтириш усуллари каби мавзулар муҳокама қилинди.

Ишбилармонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини ўзгартириш ва давлат идоралари томонидан тадбиркорлар қонуний манфаатига риоя этилишини таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлиги таҳлил этилди. Шунингдек, давлат органларининг тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашуви олдини олишда қонун устуворлигини таъминлаш чора-тадбирлари, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси”ни жорий этиш, тадбиркорлар ўртасидаги низоларни суд тартибида ҳал этиш самарадорлигини ошириш амалиёти масалалари ҳам диққат марказида бўлди.

Анжуман доирасида тадбиркорлик соҳасидаги давлат назорати билан боғлиқ йирик ҳажмли маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи “Ягона давлат назорати” ахборот тизими тақдимоти бўлиб ўтди.

- Бизнес-омбудсманга давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорлик субъектларини назорат қилувчи, текширувчи органлар ишини мувофиқлаштириб бориш ваколати юкланган, - деди Бизнес-омбудсман бош инспектори Шерзод Саидов. - Ҳозиргача тадбиркорлик субъектини ташаббус билан текшириш бўйича келиб тушган 6 400 га яқин буюртманинг 59, 1 фоизи текширишга асос бўлмагани сабаб қайтарилган. Ўтган йил давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бизнес соҳасида “Ягона давлат назорати” ахборот тизими ишлаб чиқилди. Тадбиркорлик субъекти ҳуқуқини ҳимоя қилишда ушбу платформадан фойдаланиш мумкин. Бу тизим орқали тадбиркор шахсий кабинети орқали фаолиятида бўладиган текширишларни назорат қилиб бориши мумкин. Апрель ойида тест режимида иш бошлаган ушбу платформадан 1 миллиондан зиёд тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган.

Тадбирда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқи ва қонуний манфаатини ҳимоя қилиш бўйича вакили (Бизнес-омбудсман) идорасига видеоконференция алоқа учун ускуналар тақдим қилди. Қиймати қарийб 54 минг доллар бўлган ушбу ускуна Бизнес-омбудсман идораси ва ҳудудий бўлинмаларни боғлайди, бутун мамлакат бўйлаб тадбиркорларга қисқа вақт ичида ёрдам сўраш ва олиш имконини беради.

- Фаолиятимиз, асосан, Ўзбекистонда инклюзив, барқарор ва жадал иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга қаратилган, - дейди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси Демократия ва бошқарув офиси ижрочи директори Мамет Аскеров. - Бизнес-омбудсман идораси билан ҳамкорлик эса АҚШ томонидан Ўзбекистон иқтисодий тараққиётини қўллаб-қувватлашнинг муҳим таркибий қисмидир. Тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишда Бизнес-омбудсман идораси ва тузилманинг ҳудудий вакиллари муҳим ўрин тутади. USAID коррупцияга қарши кураш ва бизнес, инвестиция ва тадбиркорлар учун қулай муҳит яратиш борасида миллий ҳамкорлар билан шерикликни давом эттиради. Биз бу борада сезиларли ютуққа эришдик. Шу билан бирга ҳали қилинадиган ишлар кўплигини ҳам эътироф этамиз.

Маълумот ўрнида айтиш керак, Бизнес-омбудсман идораси хусусий сектор субъектларига ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва тиклашда ёрдам беради. Шу орқали коррупцияни йўқ қилиш ва давлатнинг хусусий бизнесга аралашувини камайтиришда муҳим роль ўйнайди. USAID Бизнес-омбудсманни қўллаб-қувватлайди, жумладан, тренинглар ўтказади, идорага жиҳозлар тақдим этади.

Гўзал Сатторова, ЎзА