Маълумки, яқинда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудида “Чегарасиз ҳамкорлик” шиори остида халқаро “Great Silk Road Business Cooperation Forum – 2025” бизнес-форуми ўтказилди.
Унда биз ҳам фаол қатнашдик. Форум минтақадаги иқтисодий интеграцияни янги босқичга кўтариш, савдо алоқаларини кенгайтириш ва ишбилармонлар ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтиришни мақсад қилгани билан аҳамиятли бўлди. Жараёнда кўплаб тадбиркор ва экспертлар билан яқиндан мулоқот қилдик ва тажриба алмашдик. Иштирокчилар учун B2B ва B2G форматдаги музокаралар, инновацион лойиҳалар тақдимотлари ҳамда “Invest in Uzbekistan” махсус сессияси фойдали бўлди.
Фаолиятимиз Тожикистон давлатида ташкил этилган ва асосан бизнес стратегияларни ишлаб чиқиш, савдо бўйича персонал бошқарув, маркетингни ўз ичига олган лойиҳаларни ишлаб чиқишдир. Охирги йиллар Марказий Осиё давлатлари тадбиркорлари мазкур йўналишларда анча тажриба оширмоқда. Ўзаро ҳамкорлик асосидаги истиқболли инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилаётгани эса бунга ёрқин мисол бўлади.
Компаниямиз вакиллари ҳам Ўзбекистондаги сармоявий муҳит, эркин иқтисодий зоналар имкониятлари ва давлат томонидан яратилаётган имтиёзлар билан танишди. Охирги ўн йиллик тажрибамиз ва кузатувларимиз шуни кўрсатяптики, Ўзбекистон тадбиркорлари билан ҳамкорликда ишлаш самарали бўляпти. Буни давлат томонидан яратилган имконият ва шароитлардан унумли фойдаланиш сабабли, деб биламан.
Мазкур нуфузли тадбир Марказий Осиё ва Озарбайжон тадбиркорларини бирлаштириб, савдо алоқаларини кенгайтириш ва ишбилармонлар ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтиришга хизмат қилди. Келгусида бу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини беради, албатта.
Сановбар Аюбова,
“LEAN SOLUTIONS” консалтинг компанияси вакили.
А.Алижонов олган сурат. ЎзА.