Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорликда ҳалоллик муҳим омил
09:24 / 2022-06-30

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга оид ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, ўз навбатида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг сифатлилиги ва рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган ҳукумат қарорларининг амалда қўлланилишини ўрганиш мақсадида, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг бир гуруҳ вакиллари Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган “Azia elektro energiya yuksalish” МЧЖ корхонасида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдик.

– Жаҳон бозорларида рақобат муҳитининг шиддатли тус олиши, ўз навбатида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни рақобатбардош бўлишини тақозо этади, – дейди “Azia elektro energiya yuksalish” МЧЖ корхонаси раҳбари Бекназар Бегчанов. – Шу сабаб биз ҳам асосий эътиборни маҳсулотларимиз сифатига қаратамиз. “Azia elektro energiya yuksalish” МЧЖ корхонаси асосан электр двигателлар, генераторлар, трансформаторлар ва электр тарқалишини назорат қилувчи ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, 2002 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Бугунги кунда корхонамизда 80 дан ортиқ етук мутахассислар фаолият олиб бормоқда.

Жадал ривожланиб бораётган корхона мамлакатимиз ва хорижий давлатларга юқори ва паст кучланишли электр трансформаторлари, замонавий электр тарқалишини назорат қилувчи ускуналарни етказиб бериб келмоқда.

Бу ерда сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур ишлаб чиқариш базаси, малакали кадрлар захираси мавжуд бўлиб, завод мутахассислари мижоз томонидан буюртма қилинган маҳсулотларга қўйиладиган талабларни ҳисобга олган ҳолда ҳам маҳсулот ишлаб чиқаради.

Электр трансформаторларини тайёрлаб, олиб бориб ўрнатиб бериш ҳамда ишга тушириш босқичларини амалга оширади. Барча ишлаб чиқарилган электр ускуналари корхонанинг аккредитацияланган лабораториясида синчковлик билан синовдан ўтказилади ва юртимиздаги етакчи сертификатлаш органлари томонидан сертификатланади.

Илм билан амалиётни ҳамқадам олиб бораётган, ўз касбига бор умри, меҳрини берган, энг оғир дамларда ҳам унга хиёнат қилмаган ва энг муҳими, ҳалол ишлашни ўзининг асосий мақсади деб билган замондошимизни кўриб ҳурматимиз ортди ва савол билан юзландик.

– Келаётганимизда, ҳар галгидек, оддий бир тадбиркор инсоннинг фаолияти билан танишамиз, деб ўйлаган эдик. Яна ушбу электроэнергия соҳанинг ўзига хос қизиқарли томонларини сизнинг суҳбатингиз давомида ҳис этдик. Айтингчи, сиздаги соҳангизга бўлган бунчалар меҳр қаердан?

– Бизнинг оиламизда барчанинг физика-техника фанларига ихлоси баланд бўлган. Отам физика фани ўқитувчиси бўлганлари учунми, мен ҳам ёшлигимдан шу соҳага меҳр қўйдим. Қизиқишим баландлиги туфайли ихтирочи бўлиш орзуим бўлган, ҳатто бир неча изланишларим бесамар бўлмаган. Шу сабаб, соҳага доир жуда кўплаб китоблар ўқидим, изландим. Ўзи умуман, китоб ўқиш менинг хоббим. Ўзимни соҳамдан ташқари, жаҳон адабиёти, ўзбек адабиётининг кўплаб таниқли адиблари асарларини ўқиганман. Яна сизларга мақтаниб қўйсам, уйимда шинамгина кутубхонам ҳам бор.

Биласизми, инсон қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, авваламбор, шу касбига меҳр қўйиши ва энг муҳими ҳалол ишлаши лозим. Шунда халқи олдида юзи ҳамиша ёруғ бўлади, Яратганнинг ўзи қўллайверади. Ҳалолликда гап кўп, айниқса бизнинг соҳамиз тадбиркорликда ҳалол бўлиш муҳим омил. Бўлмаса, сен ишлаб чиқарган сифатсиз маҳсулотинг халқ ҳаёти, соғлиги учун зиён келтиришига сабабчи бўласан.

Касбимга бўлган қизиқишим сабаб, жуда кўп чет давлатларда бўлдим, хорижлик ҳамкасбларим фаолиятини ўргандим, тажриба, фикр алмашдим. Мана шундай сафарларимдан бирида, италиялик энергетика соҳаси билимдони бўлган ҳамкасбим билан дарё энергетикаси ёки гидрокинетик энергия, унинг афзалликларию муаммоли жиҳатлари ҳақида қизғин суҳбатлашиб қолдик. Мен унга бу борадаги ўз ғояларимни таклиф этдим, фикрларимни илмий асослаб бердим. У қайта-қайта анализ қилди ва ҳайрат билан фикрларимни тан олди. «Сенинг юртинг денгизга туташмаган бўлса, қаердан бунча аниқ ва асосли фикрладинг», дея ҳайратланди. Эртаси куни эса олдимга келиб, «Менга ғояларим унга ёққани учун бирга ишлашни таклиф этиб, шу ерда қолишимни сўради.

Мен ўйланиб қолдим ва: «Узр, мен қанча билимим бўлса, ўз ватанимга сарфлаш ниятидаман. Она ватанимдан йироқда яшаш менга тўғри келмас, аммо сен билан албатта хабарлашиб, маслаҳатлашиб турамиз», дея хайрлашдим.

Шу ўринда устоз профессор Нажмиддин Комиловнинг ибратли сўзлари ёдга тушади: «Бетарбия қалб нафсга, тарбияланган қалб иймонга айланади. Сиз иймонлилар йўлини танланг. Бу дунёда ортингизда фақат чиройли изларни, ижобий амалларни қолдиринг».

Зеро, бугунгидай шиддаткор бир даврда, ҳар биримиз ҳар бир соҳада Ватанимиз, халқимизга бўлган меҳру муҳаббатимиз, садоқатимизни юрагимиз томига, қалбларимизнинг тоқига байроқ қилиб илиб қўймоғимиз лозим назаримда...

Зилола ХЎЖАНИЁЗОВА,

«Стандарт» илмий-техник журнали масъул муҳаррири,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси