Тадбиркорлик – иқтисодиёт тиргаги, иқтидор ва ижодкорлик намойиши
Мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш механизмлари тадқиқ этилаётган даврларда “тадбиркорлик” тушунчаси ўзига хос ечим сифатида майдонга чиқди.
Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!
Мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш механизмлари тадқиқ этилаётган даврларда “тадбиркорлик” тушунчаси ўзига хос ечим сифатида майдонга чиқди.
Йиллар давомида бу тушунча юртдошларимиз онгига сингиб, давлат иқтисодиётининг ажралмас қисмига, халқ ҳаракатига айланди. Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолияти ва Савдо-саноат палатасига бўлган юксак эътибори сабабли ҳаётимиз ва фаолиятимизни тадбиркорликсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалиётга татбиқ этиш ва ишбилармонлик муҳитини яратишда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг муносиб ўрни бор. Мақсадимиз тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, тадбиркор ва ҳунармандларга хизмат кўрсатишнинг замонавий усулларини амалиётга жорий қилиш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш ва мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда тадбиркорлик соҳасида кадрлар тайёрлашдек улкан вазифаларни бажаришга қаратилган.
2017 йилда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси қайта ташкил этилди. Бу унинг вазифалари, ваколатлари ва имкониятлари кенгайишига имкон яратиб, чекка ҳудудларда ҳам бугун тадбиркорларни ҳимоя қила оладиган, уларнинг фаолиятига кўмакдош бўладиган ишончли ташкилот сифатида намоён бўлмоқда. Айниқса, барча туман ва шаҳарлардаги Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари ҳам уларга намунали хизмат кўрсатишда қўл келаётганини алоҳида таъкидлашни истар эдим.
Ҳунарманд-тадбиркорлар томонидан яратилаётган маҳсулотлар хорижликлар эътиборини тортмоқда. Мисол учун, ўтган йили Қўқон шаҳрида ўтказилган Халқаро ҳунармандлар фестивалида 80 га яқин давлат вакиллари иштирок этди. Улар фестивал жараёнида Ўзбекистон ҳунармандчилиги билан танишиб, ҳайрат ва ҳавасини баён этгани ва, энг эътиборлиси, Қўқон шаҳрига “Ҳунармандлар шаҳри” мақоми берилгани биз учун ғурур ва ифтихордир. Бундай эътибор эса ҳунармандларимизни янада изланиш ва ижодкорликка ундайди.
Тадбиркорлик субъектлари ҳақ-ҳуқуқлари давлатимиз ҳимоясида. Шу боис, палата тадбиркорлар фаолиятини ҳимоя қилиш чораларини янада такомиллаштириш борасидаги халқаро тажрибани ўрганмоқда. Хусусан, ривожланган хорижий мамлакатларнинг Савдо-саноат палаталари фаолияти мукаммал ўрганилган ҳолда “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва 2018 йил 9 июлда қабул қилинди.
Ўтган уч йилдан ортиқ вақт давомида палата томонидан 2 минг 300 дан ортиқ қонун ҳужжати, Президент фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари экспертизадан ўтказилиб, тадбиркорлик фаолиятига ижобий таъсир этадиган шаклда қабул қилинишига эришилди.
Шу йиллар мобайнида палата томонидан тадбиркорлар манфаати йўлида 204 мингта ариза суд орқали ва 4 мингдан ортиқ низо судгача муҳокама (медиация) жараёнида ҳал этилиб, бу жараёнларда тадбиркорлар манфаатлари ҳимоя қилинди.
2018 йилдан бошлаб палата фаолиятида ўзига хос битта мақсад жорий этилган. Яъни, ҳар йили ўтган йилга нисбатан тадбиркорлар сонини икки баробарга оширишга кўмаклашиш вазифа сифатида белгиланди. Мазкур мақсадга эришиш учун барча имкониятлар борлиги 2019 йилда ўз исботини топди, яъни тадбиркорлар сони 1,9 баробарга ошишига эришилди.
Президентимиз бугун қандай ислоҳотларни, қандай ўзгаришлар, қандай янги лойиҳаларни амалга ошираётган бўлмайлик, уларнинг барча-барчаси шу меҳнаткаш, олижаноб халқимизни рози қилишдан иборат эканлигини таъкидлаган. Савдо-саноат палатаси томонидан ҳам қандай ишлар амалга оширилмасин, барчаси айнан шу яратувчан, изланувчан, янгиликка ўч, ташқи бозорларга чиқишга интилувчан қўлигул тадбиркор ва ҳунармандларимиз учундир.
Бироқ бутун дунёда ва мамлакатимизда кузатилаётган коронавирус пандемияси тадбиркорларни ҳам четлаб ўтмади. Хусусан, ишлаб чиқариш жараёнларига қисман, хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорларимиз фаолиятига эса кенгроқ кўламда салбий таъсир қилди. Шундай бўлса-да, тадбиркорларимиз бу синовли кунларни матонат билан енгиб ўтишларига ишонаман.
Чунки ушбу масала Президентимизнинг шахсан назоратида бўлиб, коронавирус мамлакатимизда илк бор кузатилган кундан бошлаб тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун ўнлаб қарор ва фармонлар имзоланди. Давлат томонидан субсидиялар ва кам фоизли кредитлар ажратиш орқали саноат корхоналари қўллаб-қувватланмоқда.
Республикамизда беш ойдан буён давом этаётган карантин талаблари юмшатилгани туфайли савдо, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалардаги тадбиркорлик фаолияти ўз ўрнига қайта бошлади. Бу эса қувонарли ҳолат бўлиб, ҳаёт аста-секин изига тушиб бораётганлигидан далолатдир.
Халқимиз қувончли ва қутлуғ байрам арафасида турибди. Бу йил энг азиз, энг улуғ байрам – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги нишонланади. Шу шодиёна кун муносабати билан барча ватандошларимизни муборакбод этаман. Ҳар бир юртдошимизга соғлик-омонлик ва ишларига ривож тилайман. Она заминимиз доимо тинч ва мусаффо бўлсин.
Адҳам ИКРОМОВ,
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси.