English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлик ва фермерлик: имконият ва истиқбол
11:24 / 2020-11-10

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либериал демократик партияси Сирдарё вилояти кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан ташкил этилган ёшлар билан учрашув айнан шу мавзуда бўлиб ўтди.

O`zLiDeP кенгашининг Бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда вилоят ва туман кенгаши ходимлари, ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, фаол ва вақтинча ишсиз бўлган ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари Сайхунобод туманидаги “Алимбек” кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти билан танишди. O`zLiDeP фаоли, ёш фермер Алимжон Завқиев раҳбарлик қилиб келаётган ушбу фермер хўжалигида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

“Синтоб” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 2001 йил ташкил қилинган мазкур фермер хўжалигини дастлаб Алимжоннинг отаси, Жиянмурод Завқиев бошқарган. Аламжон 2011 йилда Тошкент иқтисодиёт университетини тамомлаб, халқ банки Сайхунобод туман филиалида чамаси 5 йил давомида фаолият юритди. 2016 йилда эса Жиянмурод ака хўжаликни ишониб Алимжонга топширди. Ана шундан буён отасининг ишончини қозониб, ёш фермер хўжалигини намунали тарзда бошқариб келмоқда.

Ўтган йиллар мобайнида у яхшигина тажриба орттирди. Фермерликнинг ўзига хос сир-асрорларини отасидан ўрганди.

Фермер хўжалигида шу вақтга қадар жайдари моллар боқиларди. Жорий йилнинг август ойида Аламжон Украинадан 33 бош қора-ола зотдор ғунажинларни олиб келиб, белгиланган рацион асосида парваришлашни йўлга қўйди. Шу бугунгача ана шу моллардан 20 бош соғлом бузоқ олди. Айни пайтда қолганлари ҳам болалаш арафасида.

– Булардан ташқари яна 70 бош, жайдари қорамолимиз ҳам бор, – дейди Алимжон Завқиев. – Бир кунда 300-350 литргача сут соғиб олаяпмиз. Талабга қараб маҳалламиздаги мактабгача таълим ташкилотига ҳамда мунтазам равишда тумандаги “Муҳаммад Сиддиқ” номли сутни қайта ишлаш корхонасига етказиб бериб турибмиз. Шунингдек, хўжалигимизда 80 бош қўй ҳамда ўзимизнинг машҳур “Қорабайир” отлари ва яна 100 дан ортиқ парранда ҳам боқилмоқда.

Дарвоқе, фермер хўжалиги томонидан 2014 йилда 90 сотих майдонда ташкил қилинган балиқчилик хўжалиги ҳам яхшигина даромад келтираётган экан. Ўтган йили балиқнинг “Дўнг пешона”, “Оқ амур”, “Зағора балиқ” каби турларини етиштирган фермер балиқчиликнинг ўзидан 15 миллион сўмдан ортиқ даромад олди. Жамоа аъзолари, жорий йил сайхунободликлар дастурхонига 2 тоннадан зиёд парҳезбоп гўшт маҳсулотлари етказиб беришни режалаштирган.

Алимжон Завқиев ўзи раҳбарлик қилаётган хўжалик қошида сутни қайта ишлаш кичик корхонасини ташкил қилиб, йогурт, кефир, сметана каби ўндан зиёд сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришни режалаштирган.

Айни пайтда хўжаликда 20 нафардан ортиқ доимий ва вазиятдан келиб чиқиб, 20-30 нафар атрофида мавсумий ишчилар меҳнат қилмоқда. Янги, сутни қайта ишлаш кичик корхонаси фаолияти йўлга қўйилиши билан яна 10 нафар қишлоқ ёшларининг бандлиги таъминланди.

Ёш фермернинг ниятлари улкан. Лекин иш фаолиятида ютуқлар билан бир қаторда хўжаликни янада ривожлантириш учун бирмунча муаммолар ҳам йўқ эмас.

– Фермер хўжалигимиздаги чорва молларини тўлиқ озуқа билан таъминлашда бироз қийинчиликка дуч келаяпмиз, – дейди ёш фермер Алимжон Завқиев. – Чорва моллари озуқасини етиштириш учун ажратилган 30 гектар ер майдони бу йил чорва моллари бош сонининг ортиб бориши ҳисобига молларнинг ем-хашакка бўлган эҳтиёжини қондира олмаяпти. Бу борада ёрдам сўраб туман ҳокимлигига ҳам мурожаат қилдик, ҳозирча кутаяпмиз. Умид қиламанки, қисқа фурсатларда бу муаммо ўзининг ижобий ечимини топади.

Алимжон Завқиев мулоқот чоғида ҳамда фермер хўжалиги фаолияти билан таништириш баробарида иштирокчиларни барча саволларига батафсил жавоб берди.

– Аҳоли, айниқса ёшлар бандлигини таъминлаш кун тартибидаги энг долзарб масалалардан бири, – дейди O`zLiDeP Сайхунобод туман кенгаши аппарат раҳбари Абдужаббор Эрназаров. – Бу каби учрашувлардан кўзлаган асосий мақсадимиз – ёшларимизни, айниқса вақтинча ишсиз фуқароларимиз тадбиркорлик ва фермерликка қизиқишини ортириш, қизиқиши борларга йўл-йўриқ кўрсатиш, иш бошламоқчи бўлганларига моддий ва маънавий кўмак бериш ҳамда бу орқали янги иш ўринлари яратилишини таъминлашдан иборат.

 

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА