French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш имконияти кенгайтирилди
18:23 / 2024-02-29

2024 йил 21 февралда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан амалдаги бир қатор қонун ҳужжатларига тадбиркорлик субъектларига енгилликлар яратишга қаратилган ўзгартиришлар киритилди.

Бу ўзгартишлар нималардан иборат? Ушбу саволга Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева жавоб берди: 

– Қонун билан тадбиркорлик субъектининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида эълон бериш тартиби бекор қилинди. 

Солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилди. 

Қонунга мувофиқ, Солиқ кодекси, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”, “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиришлар киритилди. 

Хусусан, Солиқ кодексида сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлар устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш мумкинлиги белгиланди. 

Солиқ кодексига мазкур ўзгартириш киритилиши натижасида тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш имконияти кенгайтирилди. 

Шунингдек, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги ҳамда “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги қонунларга тадбиркорлик субъектларининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда бу ҳақида кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида эълон бериш мажбуриятларини бекор қилиш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилди. 

Ушбу ўзгартиришлар киритилиши натижасида юридик шахсларнинг устав фондини (устав капиталини) шакллантиришдаги бюрократик тартиблар бекор қилинишига ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча харажатларнинг олди олинишига эришилади. 

Н.Абдураимова, ЎзА