Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни мақбуллаштириш ҳамда уларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича республика комиссиясининг тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чоралари натижасида эришилиши лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичлар самарадорлигини баҳолаш тартиби жорий этилади.
Қарор билан:
Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда асоссиз олинган ва мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низом;
Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини мониторинг қилиш ҳамда уларнинг самарадорлигини баҳолаш учун масъул вазирликлар ва идоралар рўйхати тасдиқланди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 мартга қадар барча қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақидаги маълумотлар “subsidiya.mf.uz” платформасидаги реестрга киритилади.
2026 йил 1 июнга қадар ўзлари масъул бўлган қўллаб-қувватлаш чораларининг тақдим этилиши, тадбиркорлик субъектлари томонидан эришилиши лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичлар ахборот тизимларида белгиланиши, уларнинг мониторинг қилиниши ва самарадорлиги баҳоланишига боғлиқ барча жараёнлар тегишли вазирлик ва идоралар билан идоралараро ахборот алмашинуви (ахборот тизимларини интеграция қилиш) орқали рақамлаштирилади.
Қўллаб-қувватлаш чораларининг тақдим этилишини мониторинг қилиш ҳамда уларнинг самарадорлигини баҳолашда тадбиркорлик субъектлари томонидан эришилиши лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичларнинг бажарилиши таҳлили манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари орқали идоралараро ахборот алмашинуви орқали амалга оширилади.
2026 йил 1 июлга қадар ўзларининг қўллаб-қувватлаш чораларига оид ахборот тизимлари “subsidiya.mf.uz” платформаси билан тўлиқ интеграция қилинади.
Ушбу Низом тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини тизимли мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни қайтариб олиш тартибини белгилайди.
ЎзА