Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлик субъектларида 53 ҳолатда ноқонуний текширувлар ўтказилган
16:06 / 2025-12-16

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) девони Самарқанд вилояти шуъбасига шу йилнинг 11 ойида тадбиркорлик субъектларидан 589 та мурожаат келиб тушган.

Ушбу мурожаатларнинг 54 фоизида тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланиб, талаблари қаноатлантирилди.

– Мурожаатларнинг 19 фоизи солиқ, 13 фоизи ер, кадастр, архитектрура, 10 фоизи банк, молия ва кредит, 11 фоизи давлат идораларининг қарорлари ёки мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари, 8 фоизи текширувлар натижасидан норозилик ҳамда 8 фоизи инфратузилмага ва бошқа масалаларга оид мурожаатларни ташкил қилди, – дейди Бизнес-омбудсман девони Самарқанд вилоят шуъбаси ходими Нодир Намозов. – Мурожаатларни ўрганиш жараёнида уларда келтирилган важларни чуқур ўрганиш ва имкон қадар қаноатлантиришга ҳамда тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга эътибор қаратилиб, натижаси бўйича 2 миллиард 970 миллион сўмлик қарздорликлар ундирилди, 1 миллиард 812 миллион сўмлик молиявий жарималар бекор қилинди ҳамда 5 миллиард 712 миллион сўмлик ортиқча ундирилган тўловлар қайтарилиши таъминланди.

Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини туну кун қабул қилиш, ҳал этиш мақсадида “ТАДБИРКОРЛАР ВИРТУАЛ ОФИСИ” ахборот портали фаолияти йўлга қўйилган. Жорий йилнинг 11 ойида ушбу портал орқали Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи тадбиркорлардан 806 та масала юзасидан 717 та мурожаат келиб тушди ҳамда 776 та масала кўриб чиқилиб, 222 таси ҳал этилди, 511 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилиши назоратга олинди. Ушбу портал орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатига риоя қилмаганлиги боис 8 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жазо чоралари кўрилиши таъминланди. Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилаётган текширувлар ҳисоби юритилиб, уларнинг қонунийлиги “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали доимий равишда ўрганиб борилмоқда.

Хусусан, ўтган даврда 584 ҳолатда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 53  ҳолатда ноқонуний текширувлар ўтказилгани, 531 та ҳолатда текширув ўтказишнинг амалдаги тартиблари бузилгани кузатилиб, назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларига нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланди.

Умуман, 11 ой давомида 211 нафар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш муддатлари бузилганлиги учун 81 нафар, ноқонуний текширув ўтказиш ва текшириш тартибини бузганлиги сабабли 65 нафар, давлат хизматлари кўрсатиш тартиби бузилиши юзасидан 36 нафар, лицензия ва рухсатномалар тартиби бузилганлик ҳолати бўйича 24 нафар мансабдор шахс ва хизматчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 782,4 миллион сўм миқдорида жарима жазолари тайинланди.

Мурожаатлар асосида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан назорат қилувчи ва давлат органларига 5 та тақдимнома ва 41 та хулоса ҳамда судларга 5 та даъво аризалари киритилди.

Масалан, Пастдарғом туманида фаолият юритувчи “Ҳақиқат” МЧЖнинг (номи ўзгартирилган) мурожаатини ўрганиш давомида буюртмачи – Самарқанд вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан тузилган шартнома бўйича бажарувчи – тадбиркор томонидан хизматлар тўлиқ бажарилган бўлсада, буюртмачи узоқ вақт мобайнида тадбиркорнинг пулларини тўлаб бермаётгани аниқланди ва ушбу қарздорликни ундириш ҳақида судга даъво аризаси киритилди.

Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 2025 йил июнь ойидаги ҳал қилув қарори билан буюртмачидан тадбиркор фойдасига 1 миллиард 27 миллион 143 минг сўм ундирилиши белгиланди ва қарздорлик суммаси тўлиқ ундириб берилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири