Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлик субъектлари вакиллари учун бепул ўқув курслари очилади
15:50 / 2022-09-22

Тадбиркорлар нафақат ўз фаолиятини яхши билиши, балки маҳсулотини экспортга йўналиштириш борасида ҳам яхши кўникмага эга бўлиши керак.

«Ready4Trade Central Asia» лойиҳаси айнан шу масалада  экспортчилар учун бепул ўқув курсларини ташкил этади.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ташкил этилган тадбир кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ишлаб чиқилган ўқув дастурининг тақдимотига бағишланди.

Унда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси дастурлари менежери Элбек Хўжаев ва бошқалар экспортчилар учун ташкил этиладиган курслар мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Таъкидлаш керакки, ушбу ўқув дастури бўйича халқаро савдо қоидаларидан тортиб экспорт тартиб-қоидалари, транзит йўллари, сифат ва мувофиқлик стандартлари, шунингдек, Европа Иттифоқи бозорининг ўзига хос талаблари ҳақида билим берилади. Дастур кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун мўлжалланган бўлиб, унда маҳсулотларни минтақавий ва халқаро миқёсда экспорт қилиш бўйича назарий ва амалий  машғулотларни ўзида қамраб олган.

Ўқув дастурини Жаҳон савдо ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қўшма агентлиги бўлган Халқаро савдо маркази ишлаб чиққан. Мазкур ташаббус Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган ва Халқаро савдо маркази томонидан миллий шериклар билан амалга оширилаётган «Ready4Trade Central Asia» тўрт йиллик лойиҳанинг бир қисмидир.

– Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик, кичик-бизнесни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда, – деди Тошкент давлат иқтисодиёт университети Бизнес бошқаруви ва логистика кафедраси мудири Убайдулла Ғафуров. – Жорий йилнинг 22 август куни Президентимиз тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.  20 август – Мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилинди.  Шу нуқтаи назардан, бугунги тадбир Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган ва Халқаро савдо маркази (ITC) томонидан амалга оширилаётган «Ready4Trade Central Asia» лойиҳаси асосида мамлакатимиз тадбиркорлари, айниқса, кичик-бизнес субъектлари вакилларини билим ва тажрибасини оширишга йўл очиш борасидаги муҳим қадамдир. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун дастур ишлаб чиқилган. Бугун маҳаллий ва хорижлик мутахассислар, тадбиркорлар иштирокида ўқув дастурининг тақдимоти ўтказилди. Ўқув курслари Тошкент давлат иқтисодиёт университети томонидан ҳам онлайн, ҳам офлайн шаклларда амалга оширилади.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси дастурлари менежери Элбек Хўжаевнинг таъкидлашича, трансчегаравий савдо бўйича ўқув дастури кучли бизнес муҳитини тақдим эта оладиган имкониятлар ва шарт-шароитларни яратиш ҳамда соф фойда олишга оид билим ва хабардорликни оширишга қаратилган.

– Айтиш жоизки, Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг  ишончли ҳамкори. Улар ўртасидаги кўп йиллик ишончли алоқалар деярли барча соҳаларда ўрнатилган.  Тақдим этилаётган дастурга келадиган бўлсак, бу тарзда билим ва тажриба тадбиркорларнинг, айниқса, ўзбекистонлик аёл экспортчиларнинг ҳаётини ўзгартириб юборишига ишонамиз. Халқаро савдо маркази савдо йўлларини қайта шакллантириш, самарали ва йўналтирилган таълимни яратиш  мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт  университети билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда, – деди Э.Хўжаев.

Халқаро савдо маркази менежери Шон Лейк ушбу курслар, уларнинг аниқ муаммога йўналтирилган ёндашуви туфайли иштирокчиларга ҳақиқатан ҳам экспортга тайёрланишига ёрдам бериши таъкидлади.

– Бизнинг методологиямиз онлайн таълим учун ҳам, семинарлар учун ҳам синовдан ўтказилди, текширилди. Инструкторлар ва иштирокчилардан кўплаб ижобий фикр-мулоҳазалар олинди. Ўқув дастури Ўзбекистон корхоналарига амалий машғулотлар ва ҳаётий реал мисоллар орқали ўз маҳсулотларини минтақавий ва халқаро миқёсда экспорт қилишга яхшироқ тайёргарлик кўришга ёрдам бериши кутилмоқда, – деди Ш.Лейк.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири