English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлик субъектлари қарийб 614 миллиард сўмлик солиқларни бўлиб тўлаш ҳуқуқига эга бўлди
12:27 / 2023-07-31

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Солиқ қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Дилдора Ҳошимова соҳага тегишли маълумотларни тақдим этди.

Қайд этилишича, 2023 йилнинг биринчи  ярим йиллигида юз мингга яқин тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган. Фаолият кўрсатаётган юридик шахслар сони 569 мингдан, якка тартибдаги тадбиркорлар сони эса 242 мингдан ошди. Ўзини ўзи иш билан банд қилган фуқаролар сафи 688 мингтага кўпайиб, жами 1 миллион  600 мингга етди. Шунингдек, 285 мингта яширин иш ўрни легализация қилинди.  

2 минг 144 та субъектнинг ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликларига қўлланилган 1,7 триллион сўмлик жарималари ҳисобдан чиқарилди. Жисмоний шахсларнинг 502 миллиард сўмга яқин пеняси ва якка тартибдаги тадбиркорнинг 476 миллиард сўмдан ортиқ солиқ қарзи, пеня ҳамда жарималари ҳисобдан чиқарилди. Тадбиркорлар учун яна бир қулайлик яратилди. Бу солиқларни тўлаш муддатини ўзгартиришдир. Ушбу имкониятдан мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фойдаланиб, қарийб 614 миллиард сўмлик солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқига эга бўлди.   

Ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағларини кўпайтириш мақсадида қарийб 9 триллион сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7 фоизга кўп қўшилган қиймат солиғи бюджетдан қоплаб берилди. “Автокамерал” текширувдан олдинги таҳлил тизими орқали хато ва камчиликлари кўрсатиб берилгач, 61 мингта тадбиркорлик субъектлари 5,4 триллион сўмга ихтиёрий қайта ҳисобот топшириб, келгусида бўлиши мумкин бўлган текширишлардан сақлаб қолинди.  

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга, корхона ва ташкилотларнинг молиявий аҳволини мустаҳкамлашга қаратилган чораларга нисбатан улар томонидан кўрсатилган фаоллик натижасида Электрон ҳисобварақ фактуралар орқали товар айланмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга ошиб, 721 триллион сўмдан ортди.    

Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасига жамоатчилик назорати татбиқ этилиши натижасида тадбиркорлик субъектларида солиқ маданияти, аҳолида эса истеъмолчилик маданияти ошиб бормоқда. Жумладан, фуқароларга харид суммасидан 1 фоиз қайтариш амалиёти натижасида олти ой давомида солиқ мобиль иловаси орқали 2 миллионга яқин истеъмолчига 579,5 миллиард сўм кешбэк тўлаб берилди.    

Солиқ ҳамкор тизими орқали солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида 68 мингдан ортиқ мурожаат йўлланган. Шундан 39 мингга яқин мурожаат такрорий бўлгани сабабли қайтарилган ва текширув ўтказилмаган. Ўтказилган солиқ текширувларида тасдиқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича фуқароларга 13,5 миллиард сўм мукофот тўланган.    

Онлайн назорат-касса техникаларидан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари сони 175 мингдан ортиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7 фоизга ошган. Ноқонуний савдонинг олдини олиш тадбирлари натижасида умумий қиймати 1,2 миллиард сўмга тенг акциз маркасиз, эски ва қалбаки акциз маркали, тегишли ҳужжатларсиз ҳамда маркировкаланмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдосига чек қўйилган.  

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА