Тадбиркорлик субъектлари фаолияти, уларнинг иш ҳажми, корхоналар қуввати ва самарадорлиги бутун мамлакатимиз ташқи савдо айланмасининг ўзаги ҳисобланади.
Шу боисдан, тадбиркорлик субъектларининг муаммоси – бугун давлат органлари ва ташкилотлари муаммоси саналади.
Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда божхона расмийлаштируви ва назорати йўналишида учраётган муаммоларини ижобий ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари, божхона хизмати полковниги Отабек Чориев Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, ҳудудда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари билан учрашди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган давра суҳбатида тадбиркорларнинг муаммолари, ўз фаолиятини амалга ошириш йўлидаги тўсиқлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлари тингланди.
Хусусан, раис ўринбосари томонидан Қорақалпоғистон Республикасида жорий этилган фавқулодда ҳолат даврида ҳам экспорт ва импортга йўналтирилаётган юкларнинг ҳеч қандай тўсиқ ва кечикишларсиз божхона расмийлаштируви ва назоратидан ўтказилиши, божхона юк декларацияларини электрон тақдим қилиш учун ҳудудда вақтинчалик интернет алоқасининг йўқлиги жараёнларга зарар етказмаслиги чоралари ҳақида тўхталиб ўтди.
Давра суҳбати сўнгида тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятида учраётган муаммо ва масалаларнинг ечими бўйича тегишли жавоблар олишди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири