Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 8 апрель куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида божхона органларига ҳам бир қатор устувор вазифалар юклатилган эди.
Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, Давлат божхона қўмитаси мутасадди раҳбарлари томонидан тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қийнаб келаётган муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида ҳудудларда сайёр учрашувлар ташкил этилмоқда. Жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари У.Қодиров мутасадди бошқарма бошлиқлари билан Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, тадбиркорлик субъектлари билан сайёр қабул ўтказди.
Учрашувда божхона органларида бугунги кунда “Ягона дарча” божхона ахборот тизимига 100 дан ортиқ логистика ташкилоти, 300 дан ортиқ божхона омбори ҳамда 530 дан ортиқ тижорат банки қамраб олинганлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, ушбу тизимга 6 та вазирлик ва идоранинг 21 та рухсатнома ҳужжати киритилган бўлса, 2021 йил 1 августига қадар бу кўрсаткични 8 та вазирлик ва идоранинг 39 та рухсатнома ҳужжатини интеграциялаш кўзда тутилган. Бу эса ўз навбатида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ортиқча сарф-харажатларсиз вақт тежамкорлигига эришишида муҳим омил бўлиб, тадбиркорлик субъектларига яратилган ахборот тизимларидан самарали фойдаланиш бўйича тушунчалар берилди.
Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари У.Қодиров томонидан ушбу масалани ҳал этиш бўйича мутасадди вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда кечиктириб бўлмас чораларни белгилаш бўйича топшириқ берилди.
Тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ишлаб чиқариш корхоналарида давом эттирилди ва жойларга чиққан ҳолда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг муаммолари ўрганилди. Хусусан, Нукус шаҳридаги иссиқхона фаолияти билан шуғулланувчи “Bio eco agro impex” масъулияти чекланган жамияти, буғдойни қайта ишловчи Тахиатош туманидаги “Атияж Гулзор” масъулияти чекланган жамияти, ноёб тери маҳсулотини ишлаб чиқариб, экспортга йўналтираётган “Orient texnology” қўшма корхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, ушбу корхоналарнинг экспорт географиясини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди, мавжуд муаммо ва камчиликлар ўрганилиб, жойида бартараф этилди.
Жойларда ўтказилаётган учрашувлар ташқи иқтисодий фаолият қатнашувчиларини ҳуқуқий ва амалий томондан қўллаб-қувватлаб, мамлакатимиз ташқи савдо айланмаси ҳажмининг кенгайиши ва иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА