АОКАда Бизнес-омбудсман девони ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда тадбиркорлик эркинлигини кенгайтириш ва мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қабул қилинган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, амалиётда товарларни бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга олиб ўтишда тадбиркорлар сунъий тўсиқларга дуч келган ҳолатлар учраб турар эди.
Масалан, ҳар йилги пишиқчилик даврида маълум бир ҳудудда рўйхатдан ўтган экспортчи корхоналар қўшни ва бошқа хорижий давлатларга мева экспортини амалга ошириш учун турли вилоятлардан харид қилиб, корхона жойлашган божхона постлари орқали экспортни амалга оширишни режалаштирган вақтда юк автотранспорт воситалари асоссиз тўхтатилиб, уларга маҳсулот сотиб олинган вилоятда давлат рўйхатидан ўтишлари ва ушбу вилоятдан экспортни амалга ошириш талаби қўйилган ҳолатлар ёки чигит маҳсулотини маълум бир ҳудуддан бошқасига олиб ўтилганда чиқармай туриш ҳолатлари учраб турар эди.
Мазкур ҳолатларда тадбиркорларнинг муаммоси жойида ўрганилиб, бартараф этилган бўлса-да, бундай вазиятлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида қонунчилик базасини такомиллаштириш талаб этилаётган эди.
Ўзбекистон Республикасининг янги Конституциясида акс этган нормалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 29 август куни айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи қонун қабул қилинди.
Қонунга кўра, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ҳам қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Мазкур ўзгартириш тадбиркорлик субъектлари товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг, ушбу субъектлар давлат рўйхатидан ўтган ҳудуддан қатъи назар, Ўзбекистон ҳудудида эркин ҳаракатланишига доир ҳуқуқи таъминланишини белгилаб берди.
Бунинг натижасида экспорт соҳасидаги тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратилиб, иқтисодий маконда бирликни таъминлашга эришилади.
Жорий йилнинг 20 август куни давлатимиз раҳбарининг Нукус шаҳрида тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил 30 август куни “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди.
Фармон билан Бизнес-омбудсманга ҳам тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш топшириғи берилди.
Хусусан, тадбиркорлар фаолиятини тўхтатиб туриш учун асос бўладиган мезонларни белгилаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқларини янада кучайтириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, солиқ соҳасида низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Шунингдек, фармонга кўра, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони лойиҳаси, тадбиркорлик субъектлари учун битта ҳуқуқбузарлик бўйича битта жавобгарликни белгилашга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА