Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлик ривожланса аҳоли бой бўлади
13:04 / 2022-12-01

Навоий вилояти Хатирчи тумани ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб туманда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳудудга хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот бериш учун матбуот анжумани ўтказилди.  

Пресс-тур иштирокчилари туманда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар билан таништирилди.  

“Фаровон” маҳалласида “Аbdulmalik Аbdulaziz – 2020” МЧЖ раҳбари, тадбиркор Мурод Ҳайдаров томонидан барпо этилган савдо мажмуаси фаолияти, “Навбаҳор” маҳалласидаги “Қоплонтепа” массивида олиб борилаётган қурилиш ишлари  иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.  

– Массивда шаҳардаги уй-жойлардан қолишмайдиган, барча қулайликларга эга кўп қаватли уй қуряпмиз, – дейди “Навоий профсервис” МЧЖ иш юритувчиси Олимжон Мўминов. – Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун қурилаётган ушбу беш қаватли бинода бир, икки ва уч хонали квартиралар бўлади. Уйлар янги йил арафасида яшаш учун тайёр ҳолатда топширилади. Шунингдек, бу ерда яна 3 та шундай уй қурилади. Бино атрофига манзарали дарахтлар ўтқазамиз, замонавий болалар майдончаси ва машиналар тўхташ жойи ҳам бўлади.  

Тумандаги кичик саноат зонасида 0,3 гектар ерда “Оne step solution” хусусий корхонаси томонидан биметалл ва алюминий радиаторлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.  

[gallery-9784]

– Лойиҳа қуввати йилига 75 минг дона маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган бўлиб, қиймати 27,3 миллиард сўмни ташкил этади, – дейди корхона иш юритувчиси Баҳодир Холмуродов. – Биметалл ва алюминий радиаторлар ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар ва жиҳозлар Хитой давлатидан олиб келинган. Ҳозирда ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Корхона ишга тушгач 40 та янги иш ўрни яратилади.  

Иштирокчилар балиқ етиштиришга ихтисослаштирилган йирик корхона фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу “Youkang Fish Breed” корхонаси хорижлик тадбиркор  билан ҳамкорликда ташкил этилган.  

– Хорижий инвестиция маблағлари ҳисобига бунёд этилган мазкур қўшма корхона учун 40 гектар ер ажратилган бўлиб, лойиҳа қиймати 1,2 миллион долларни ташкил этади, – дейди Хатирчи тумани ҳокимлиги бош мутахассиси Азамат Худоёров. – Корхонанинг лойиҳа ишлаб чиқариш қуввати йиллик 300 тоннани ташкил этади ва бу ерга барча технологиялар Хитой давлатидан олиб келинган. Корхонада сазан балиғи етиштирилиб, маҳаллий бозорларимизга етказиб берилмоқда. Келгусида корхона жамоаси бу ерда балиқ емишлари ишлаб чиқарадиган корхона қуришни режалаштирган.  

Хатирчи туманидаги “Олтинсой” маҳалласида ҳам бунёдкорлик ишлари авжида. Айни пайтда “National ceramics” корхонаси раҳбари Абдурашид Таджибаев саъй-ҳаракати билан қарийб 15 гектар майдонда қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.  

Мазкур корхонанинг қурилиш ишлари 2023 йил охирида якунланиб, тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, флатацион бойитиш орқали 100 минг тонна дала шпати ва 140 минг тонна кварц ажратиб олинади. Энг муҳими, келгусида янги корхонада аҳоли учун юзта янги иш ўрни яратилиши режалаштирилмоқда.  

ОАВ вакиллари туристик ҳудуд саналган Лангар қўрғонидаги “СААФ Жалойир – 2022” МЧЖ томонидан ишга туширилган “Лангар текстиль” кичик корхонаси фаолияти билан танишишди. Мазкур корхонада Лангар қишлоғининг 70 нафардан зиёд хотин-қизлари ишламоқда.  

– Корхонамиз шу йил ишга туширилди, – дейди корхона иш юритувчиси Амира Абдуманнонова. – Корхонамиз ишчи-ходимлари меҳнат қилиши учун барча шароитлар яратилган. Буюртма асосида кенг турдаги сочиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларимиз маҳаллий бозорларга ва қўшни вилоятларга ҳам буюртма асосида етказиб бериляпти. Йил якунигача иш ўринлари сонини юзтага етказишни режалаштирганмиз.  

Хатирчи туманидаги кенг кўламли ислоҳотлардан мақсад ҳудудни обод манзилларга айлантирган ҳолда инфратузилмани ривожлантириш, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашдир.  

 

 

А.Бўриев,  

С.Аслонов (сурат), ЎзА