Кейинги йилларда қонунчиликни тизимлаштириш, уларнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар жараёнига таъсирини кучайтириш ҳамда қонунчиликдаги коррупциявий хавфларни аниқлаш ва бартараф қилиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес омбудсман) девони етакчи инспектори Алишер Холиқов қабул қилинаётган янги қонун ҳужжатлари тадбиркорлар манфаатларини таъминлашга қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида маълумот берди:
– Жорий йилда саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудида жойлашган объектларга бўлган мулк ҳуқуқини таъминлаш орқали ушбу зоналар ҳудудига инвестицияларни жалб этиш учун шарт-шароитларни яхшилаш, инвестиция лойиҳаларини жадал амалга оширишни таъминлаш мақсадида қонунчиликка ўзгартиришлар киритилди.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилди. Баҳоловчи ташкилотда устав фонди мавжудлигини талаб қилувчи норма бекор қилинди.
Олдин баҳоловчи ташкилотда қонунчиликда назарда тутилган миқдордаги устав фондининг мавжудлиги мажбурий шарт сифатида белгиланган эди. Бу эса баҳоловчи ташкилотлар фаолиятини амалга оширишида ортиқча мажбурият юклаб, тадбиркорларга қийинчилик туғдираётган эди.
“Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, инвестиция буюртманомасига буюртмачининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси илова қилинишига оид талаб бекор қилинди. Ушбу ўзгариш соҳада ортиқча ҳужжат талаб қилиш ва қоғозбозликнинг олдини олади.
Қонун айрим ҳужжатлардаги асоссиз чеклов, ортиқча маъмурий тартиб - таомиллар ва эскирган тартибга солиш механизмларини бартараф этди.
Шундай имкониятлардан фойдаланиб ўз фаолиятини ривожлантираётган тадбиркорлик субъектлари манфаатлари Бизнес омбудсман томонидан изчил ҳимоя қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг қарори асосида жорий этилган Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингига энг фаол тадбиркорлар киритилмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, бу рейтингдан қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ўрин олади.
Рейтинг тоифалари мавжуд бўлиб, «ААА», «АА» ва «А» тоифалар – юқори барқарорлик рейтингини билдиради. «ВВВ», «ВВ» ва «В» тоифалар – ўрта барқарорлик рейтингини, «ССС», «СС» ва «С» тоифалар – қониқарли барқарорлик рейтингини, «D» тоифа эса – қуйи барқарорлик рейтингини англатади.
«ААА» тоифадаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди (жиноий ишлар доирасида ўтказиладиган текширувлар бундан мустасно). Шунингдек, ушбу тоифадаги тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) бир кун муддатда текширувларсиз амалга оширилади.
«A» ва ундан юқори тоифадаги тадбиркорлик субъектларига солиқлар бўйича мавжуд ортиқча тўлов суммасини қайтариш уч кун муддатда амалга оширилади.
Шунингдек, рейтингда “юқори” ва “ўрта” тоифадаги корхоналарга электр энергиясини етказиб бериш 50 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади.
Мисол учун, Бизнес омбудсман девони кўмаги билан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги йирик экспортёр корхоналар “Global plast tara” ва “Elit roto plast” масъулияти чекланган жамиятлари бу имкониятдан фойдаланмоқда.
Тадбиркорларнинг мазкур рейтингдан ўрин олиши ва имтиёзлардан фойдаланиши учун зарур тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА