Ўтаётган ҳар бир кун халқимиз учун синовли кечаяпти. Боиси ҳар кун тонгда нимадир ўзгараяпти.
Бугун ижтимоий тармоқларнинг қайси бирига қараманг «аҳоли мурожаатлари» бўйича бир муаммо чиқиб турибди-да. Аслида фуқаро ёки тадбиркор имконсизлигидан жамоатчилик фикрини уйғотиш учун шундай қилишга мажбур бўларкан. Бу борада Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича энг қулай услубни қўллайди.
Ҳар бир мурожаат доимо тизим эътиборида. Худди шундай мурожаатлардан бири Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўрганилди. “KOLBERG PRODUCTION” МЧЖ мутасаддилари қурилиши тугалланган савдо мажмуасини фойдаланишга қабул қилишда амалий ёрдам беришни сўраб ёзган.
Аниқланишича, мазкур масъулияти чекланган жамият 2020 йил 11 ноябрь куни Сергели тумани, Ўзгариш ҚФЙ «Юқори Дархон» МФЙ ТХАЙ бўйида жойлашган 1000 кв.м дан ортиқ бўлган савдо мажмуасига Сергели туман Давлат хизматлари маркази орқали қурилиши тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш юзасидан ариза юборган. Аммо, аризага ДХМга интеграциялашган ваколатли идора, яъни Тошкент шаҳар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси рад жавобини берган.
Рад жавобининг важ карсони энди тадбиркорни югуртиришдан бўлак юмуш эмас. Ҳар ҳолда ўрганилган текширув натижалари шундай хулосани берди. Эмишки, ушбу объектни қуриш (реконструкция қилиш) ишлари инспекцияни хабардор этмасдан бошланган ва якунланганлиги, инспекция томонидан назорат ишлари олиб борилмаганлиги, шу сабабли объектни қурилиши (реконструкцияси) тугалланган нотурар бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномасини расмийлаштиришда иштирок этмаслигини таъкидлаган. Яна ушбу ҳудуд Тошкент вилоятига тегишли экан. Мана ваколатли идора мутасаддиларининг баҳонаси.
Бундан ташқари, худди шу мурожаатни тадбиркорлар 2020 йил 18 ноябрь куни Зангиота туман Давлат хизматлари маркази орқали ҳам қайта юборган. Бунда Тошкент вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Зангиота туман филиали томонидан ушбу бино Тошкент шаҳар Сергели туманига қарашли эканлигини кўрсатиб рад этган. Мазкур ҳолат бир эмас, 4 маротаба такрорланган. Югур – югур ҳам шунчалик бўлар-да, ахир. Овораси чиққан тадбиркор қандай қилиб масъул давлат идораларига ишонсин, айтинг. Ҳақли эътироз. Маҳаллий бизнес вакиллари бундай сарсонгарчиликдан кейин қандай ривожлансин?
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси аралашувидан сўнг, муаммо бўйича қўйидагилар аниқланди ва тадбиркор фойдасига ҳал этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2019 йил 3 майдаги «Тошкент вилояти Зангиота тумани ва Тошкент шаҳрининг Сергели тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида»ги СҚ-418-III-сонли қарори ҳамда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2019 йил 19 июндаги 460/54-5-сонли қарорларига асосан “KOLBERG PRODUCTION” МЧЖ томонидан қурилган бино жойлашган манзил, яъни «Юқори Дархон» маҳалла ҳудуди ҳозирда Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳудудига киради, бу бир.
Шу билан бирга, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасига мувофиқ маъмурий иш юритиш давомида юзага келадиган, қонун ҳужжатларининг бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлари ва ноаниқликлари манфаатдор шахслар фойдасига талқин қилиниши лозимлигини инобатга олиниши бўйича Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ҳамда Тошкент шаҳар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясига Агентликнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан тегишли хат киритилди. Тадбиркорнинг мурожаати тез орада ижобий ҳал этилиб, муаммоси ечилди.
Дилмурод РАҲМОНОВ,
Давлат хизматлари агентлиги
Тошкент шаҳар бошқармаси бўлим бошлиғи