Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу йил иккинчи бор ташкил этилган мулоқотни Тошкент вилояти тадбиркорлари ҳам катта қизиқиш билан қарши олди.
Чирчиқ шаҳрида ташкил этилган студияда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев бошчилигида ҳудуддаги фаол бизнес вакиллари ва масъуллар жам бўлди.
Мазкур тадбир олдидан ҳудуддаги тадбиркорлар мурожаатлари бўйича махсус штаб ташкил қилиниб, келиб тушган 849 та мурожаатлардан 645 таси ижобий ҳал этилди. Ҳафтанинг ҳар шанба куни вилоят Халқ қабулхонасида ўтказилаётган Тошкент вилояти ҳокимининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳозиргача ўтказилган учрашувларда 753 та масалалар кўтарилган, уларнинг 88 фоизи (663 та) ҳал қилинган, қолган 90 та мурожаат бўйича ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2022 йил 19 августдаги фармойиши билан мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришда ҳисса қўшаётган бир гуруҳ тадбиркорлар “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар сафида илк бор вилоятдан салоҳиятли 7 нафар илғор тадбиркорлар тақдирланди, бундан ташқари, вилоятдаги 22 та тадбиркорларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Ҳозирги кунда улар томонидан қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, энергетика, чорвачилик ва бошқа кўплаб тармоқларда юқори натижаларга эришилмоқда.

Ўтган қисқа вақт мобайнида валютани либераллашуви, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини тартибга солиниши, хорижий давлатлар билан савдо алоқаларининг ўрнатилиши каби бир қатор имкониятлар тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишига имкон яратди. Вилоятда жорий йил 30 дан ортиқ хорижий ҳамкор давлатлар иштирокидаги 100 дан ортиқ инвесторлар томонидан 600 миллион доллар хорижий инвестиция киритилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун бир қанча устувор вазифалар белгиланмоқда, қарор ва қонунлар ишлаб чиқилмоқда, янги тизимлар яратилмоқда, бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда, рухсатнома ва лицензиялаш белгиланган фаолият турлари қисқартирилиб тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш соддалаштирилди.
– Ҳозир вилоятда 47 минг 226 та тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда, – дейди Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Жумаев. – Шу йилнинг ўтган даврида 4 минг 104 та янги тадбиркорлик субъектлари иш бошлади. 12 минг 312 та янги иш ўрни яратилди. Хусусан, жойларда 1 минг 482 та савдо ва умумовқатланиш, 1 минг 378 та хизмат кўрсатиш, 5 та қурилиш, 17 та қишлоқ хўжалиги ва 1 минг 222 та бошқа йўналишдаги корхоналар фойдаланишга топширилди. Йил якунига қадар яна 6 мингдан зиёд янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, жами 10 минг 500 тага етказилади.
– Кўп йиллик меҳнатларимиз эътироф этилиб “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига лойиқ кўрилганимдан хурсандман, – дейди Чирчиқ шаҳридаги “Ташпулат Строй Инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Сайёра Эргашева. – Бу рағбат ишимизга бўлган масъулиятни янада оширди. Президентимиз бу гал ҳам биз тадбиркорларга фаолиятимизни ривожлантириш, аҳоли даромадини ошириш борасида кўплаб қулайликлар жорий қилиниши ҳақида берган таклифларидан хурсанд бўлдим. Айниқса, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш юзасидан 5 та йўналишда ташаббусларни билдирди. Уларнинг ҳар бири иқтисодиёт тармоқларидаги мавжуд муаммоларга ечим бўлади. Айниқса, банк-молия, солиқ, ер-кадастр каби турли соҳаларига оид таклифлар ўринли бўлди. Ўзим ташкил қилган корхона мисолида шуни айта оламанки, бундан кейин ҳам фаол тадбиркор бўлишга ҳаракат қиламан.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Тошкент вилояти бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 43 триллион сўмни ташкил этиб, унинг 45,1 фоизи кичик бизнес вакиллари томонидан ишлаб чиқарилди. Вилоятнинг жами экспорти таркибида кичик бизнеснинг улуши 25 фоизга етди. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқарилган янги турдаги маҳсулотларни оммага танитиш, янги бозорларни излаб топиш бўйича ҳар йили ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркалари ўтказилади. Жумладан, жорий йилнинг 4-5 август кунлари вилоятда ташкил этилган саноат ярмаркасида 1 минг 932 тa (шундан 383 таси ёки 20 фоиз маҳсулоти билан) маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирок этди. Улар томонидан 2 минг 254 турдаги саноат маҳсулотлари намойиш қилинди. Ярмарка якуни билан йирик тармоқ ҳамда ҳудудий корхоналар томонидан қиймати 521,9 миллиард сўмлик 859 та шартнома ва 99,2 миллиард сўмга тенг 30 тa меморандум имзоланди.
Умуман олганда тадбиркорликни ривожлантириш борасида ҳудудда амалга оширилаётган ишлар кўлами ортмоқда. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат ички, балки хориж бозорларда ҳам ўз ўрнини топмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.