Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни тадбиркорликка жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада маҳаллаларда амалга оширилаётган амалий ташаббуслар ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Навбаҳор туманидаги Кўҳрон маҳалласида яшовчи Нисора Шодиева ҳам ташаббускор аёллардан бири. У ўзини ўзи банд қилиш орқали оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.
– Маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияномаси асосида 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, ушбу маблағ эвазига зарур жиҳозлар ҳамда хомашё харид қилдим, – дейди Н.Шодиева. – Ҳозирда ўз хонадонимда нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқдаман. Маҳсулотларимни маҳалламиз аҳолисига сотиб, даромад олмоқдаман. Келгусида фаолиятимни кенгайтириб, турли нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирганман. Фаолиятим кенгайса, янги иш ўринлари ҳам яратилади ва маҳалламизнинг ишсиз хотин-қизларини иш билан таъминлайман.

Қисқа фурсат ичида йўлга қўйилган ушбу фаолият бугунги кунда самара бера бошлади. Ҳозирда Нисора Шодиева ҳар ой ўртача 4-5 миллион сўм миқдорида соф фойда олишга эришмоқда.
Қайд этиш жоизки, бундай амалий ташаббуслар нафақат бир оиланинг даромадини ошириш, балки маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизликни камайтириш ва фаровон турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шубҳасиз, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар ва имтиёзли кредитлар аҳолининг ишбилармонлик фаоллигини оширишга, янги иш ўринлари яратилишига ҳамда маҳаллалар тараққиётига хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири