Фармон ва ижро
Шу кунларда Тошкент вилояти тадбиркорлик субъектлари учун мамлакатимизнинг 2026 йилга мўлжалланган солиқ сиёсати концепцияси доирасида қонунчиликка киритилган асосий ўзгартиришларга бағишланган семинарлар ўтказилмоқда.
Хусусан, Янгийўл шаҳар ҳокимлигида Солиқ қўмитаси ҳамда Тошкент вилояти солиқ бошқармаси раҳбарияти ва соҳа масъуллари иштирокида семинар бўлиб ўтди. Унда барча туман-шаҳарлардан келган тадбиркорлар ҳамда уларнинг вакиллари фаол иштирок этди.
Тадбир давомида солиқ тизимидаги янгиликлар, Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларнинг мазмун-моҳияти ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсири батафсил тушунтирилди.

– Мазкур қонун ҳужжатлари билан Солиқ кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, – дейди Тошкент вилояти Солиқ бошқармаси катта инспектори Бобурбек Насриддинов. – Биз уларни бир қатор йўналишга бўлдик. Жумладан, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш юзасидан киритилган янгиликлар семинар иштирокчилари эътибор марказида бўлди. Бугунги кунда мамлакатда яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, бизнесга янги имкониятларни яратиш, шунингдек, фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Президентимизнинг 2025 йил 10 декабрдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишда қабул қилинган муҳим ҳужжатлардан бири ҳисобланади.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 505 триллион сўмни ёки 34,8 фоизни, шундан 122 триллион сўм ёки 24,1 фоизи яширин ҳамда 384 триллион сўм ёки 75,9 фоизи норасмий иқтисодиёт ҳисобланади. Иқтисодиётдаги бундай омиллар давлат бюджетида катта йўқотишлар юзага келтириб, давлатнинг бир қатор функцияларини тўлақонли амалга оширилишига тўсқинлик қилади. Яъни бунинг ҳисобига давлат мактаблар, шифохоналар, йўлларни қўриш ва транспорт инфратузилмасини тубдан модернизация қилиши мумкин эди.

Яширин иқтисодиёт асосан бу олди-сотди ва бошқа ҳисоб-китоблар нақд пулда амалга оширилиши натижасида юзага келади. Шу сабабдан кўплаб ривожланган давлатларда нақд пулда ҳисоб-китоблар 3-5 фоизни ташкил қилади. 2024 йилда Ўзбекистонда муомаладаги нақд пул улуши 19,2 фоизни ташкил қилган.
2026 йил 1 апрелдан электр, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши белгиланди. Бу аҳоли учун нима беради? Ҳар хил сохта инспекторлар келиб мазкур хизматлар учун тўловларни нақд пулда олиб сизга сохта квитанциялар ёзиб кетишини олдини олади. Бундан ташқари, тўловларни уйдан чиқмасдан электрон тўлов воситалари орқали ёки жойига бориб банк карталари орқали инсон омилисиз тўловни амалга ошириш имконини беради.

Семинарда тадбиркорлар иштирокида савол-жавоблар ўтказилиб, уларни қизиқтирган масалалар бўйича мутахассислар томонидан батафсил изоҳлар берилди. Шунингдек, иштирокчиларга Солиқ кодексига киритилган ўзгаришларни ўзида акс эттирган махсус қўлланмалар тарқатилиб, амалий тавсиялар берилди.
Мазкур семинар тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, солиқ соҳасидаги янгиликлардан хабардор қилиш ҳамда очиқ мулоқот майдонини яратишга хизмат қилди.
А.Мусаев, ЎзА.