Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорларнинг розилигисиз банк ҳисоб-рақамларидан пул маблағларини олганлар жавобгарликка тортилади
13:45 / 2023-01-24

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварағидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Мазкур масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили Дилмурод Қосимов маъруза қилди:  

— Мамлакатимизда тадбиркорлар қўллаб-қувватланиб, хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишнинг янги механизмлари жорий этилди. Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг мансабдор шахслари жавобгарлиги жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача оширилди. Бироқ, бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисоб-рақамларидан қонун ҳужжатларида белгиланмаган тартибда пул маблағлари ечиш ҳолатлари учрамоқда.  

Амалиётда мазкур ҳаракатлар солиқ органлари, банк муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан содир этилмоқда. Ушбу ноқонуний ечилган пул маблағлари суд ёки уларнинг юқори органлари томонидан аниқланган тақдирда уларга нисбатан ҳеч қандай жавобгарлик чоралари қўлланилмасдан қолмоқда. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат органларининг мансабдор шахсларига нисбатан ортиқча ундирилган ва тўланган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик учун жавобгарлик белгиланмаган.  

Бизнес-омбудсманга 2021-2022 йилларда 840 та мурожаат, жумладан қўшилган қиймат солиғини қайтариш бўйича 665 та, ортиқча тўловларни қайтариш бўйича 116, инкасса топшириқларидан тақиқ қўйилганлардан 69 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 557 таси ижобий ҳал этилган.    

Ноқонуний пул маблағлари ечиш ҳолатларини содир этган мансабдорларнинг жавобгарлик масаласи қонунчиликда очиқ қолгани сабабли ушбу қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Уни ишлаб чиқиш давомида хорижий тажриба ўрганилди. Масалан, Германия тажрибасига кўра, солиқлар, йиғимлар йиғишда ортиқча ундириш ҳолатлари содир этилганда, 3 ойдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.    

Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Яъни, тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий чораларини кучайтиришга хизмат қилади, — деди Бизнес-омбудсман.  

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА