French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорларнинг муаммолари муҳокама қилинди
18:32 / 2025-08-19

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Нодирбек Салимжонов Мирзаобод туманидаги Наврўз кичик саноат зонасидаги “Navro’z Total Textile” МЧЖда сайёр учрашув ўтказди.

Учрашув давомида корхона фаолияти, янги лойиҳалар ва ривожланиш имкониятлари муҳокама қилинди. Жумладан, толадан тайёр маҳсулот — мато ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги лойиҳанинг тақдимоти кўриб чиқилди.

Қиймати 16,5 миллион еврони ташкил этувчи мазкур лойиҳада замонавий тўқимачилик технологиялари асосида янги ишлаб чиқариш корхонаси қурилиши режалаштирилган бўлиб, унинг 2026 йилда фаолиятга тушиши кўзда тутилмоқда.

Лойиҳа маҳаллий ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилади. Шу билан бирга, у минтақада саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш имконини беради.

Жорий йилнинг август ойида корхона қўшни давлатлардан умумий вазни 352,6 тонна ва қиймати 574,8 минг АҚШ долларига тенг бўлган пахта толасини “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимида расмийлаштириб, хом ашёдан ип-калава ишлаб чиқармоқда.

Учрашув давомида корхона вакиллари томонидан берилган таклиф ва мулоҳазалар ўрганилиб, уларни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Тўқимачилик корхонаси ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари Шерзод Абдуғаниев ҳам учрашувни юқори баҳолаб, шундай деди:

– Бундай сайёр учрашувлар корхона фаолиятидаги муҳим муаммо ва таклифларни бевосита муҳокама қилиш имконини беради. Бу орқали биз ишлаб чиқариш жараёнларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишда аниқ йўл харитасини белгилаб олдик.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири