Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва қулай инвестиция муҳитини яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда ҳамда ушбу жараёнларда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш муҳим ўрин тутади.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) девони томонидан тегишли чора-тадбирлар кўриб борилмоқда.
Ташкил этилганига нисбатан кўп вақт бўлмаган ушбу институт тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳамкори ва ишончли ҳимоячисига айланди дейиш учун асослар етарли деб айта оламиз.
Жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида Самарқанд вилояти бўйича тадбиркорлик субъектларидан бевосита 589 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 54 фоизининг талаблари қаноатлантирилиб, ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.
Хусусан, келиб тушган мурожаатларнинг 19 фоизи солиқ, 13 фоизи ер, кадастр, архитектрура, 10 фоизи банк, молия ва кредит, 11 фоизи давлат идораларининг қарорлари ёки мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракати юзасидан, 8 фоизи текширувлар натижасидан норозилик ҳамда 8 фоизи инфратузилмага оид ва бошқа масалаларига оид мурожаатларни ташкил қилади.
Мурожаатларни ўрганиш натижаси бўйича жами тадбиркорлар фойдасига 2 970 млн сўм қарздорликлар ундирилди, уларга нисбатан қўлланилган 1 812 млн сўм миқдорида молиявий жарималар бекор қилинди ҳамда 5 712 млн сўм ортиқча ундирилган тўловлар ҳисобрақамларига қайтарилиши каби ва бошқа бир қатор ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.
Тадбиркорлик субъектларига янада қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган ҳамда уларнинг мурожаатларини кечаю кундуз қабул қилиш имконини “ТАДБИРКОРЛАР ВИРТУАЛ ОФИСИ” ахборот портали орқали жорий йилнинг 11 ойида Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи тадбиркорлардан 806 та масала юзасидан 717 та мурожаатлар келиб тушди ҳамда 776 та масала кўриб чиқилиб, 222 таси ҳал этилди ва 511 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши назоратга олинди.
Ушбу портал орқали келиб тушган мурожаатларни ўз муддатларида ва тўлақонли кўриб чиқилишини назорат қилиш Бизнес-омбудсман девони ходимларига юклатилган бўлиб, бу борада доимий назорат ўрнатилган ҳамда ўтган даврда портал орқали юборилган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатига риоя қилмаганлиги боис 8 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарима қўлланилиши таъминланди.
Яна бир муҳим йўналиш, назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилаётган текширувлар ҳисоби юритилиб, уларнинг қонунийлиги “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали доимий равишда ўрганиб борилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 584 та ҳолатда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 53 та ҳолатда ноқонуний текширувлар ўтказиш ҳамда 531 та ҳолатда текширув ўтказишнинг амалдаги тартибларини бузиш ҳолатлари аниқланиб, назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларига нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланди.
Умуман, йил бошидан буён жами 217 нафар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш муддатларини бузилганлиги учун 81 нафар, ноқонуний текширув ўтказиш ва текшириш тартибини бузганлик учун 71 нафар, давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлик учун 36 нафар, лицензия ва рухсатномалар тартиби бузилганлик ҳолати бўйича 24 нафар мансабдор шахслар ва хизматчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, жами 782,4 млн сўм миқдорида жарима жазолари тайинланди.
Мурожаатлар асосида тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан назорат қилувчи ва давлат органларига 5 та тақдимнома ва 41 та хулосалар ҳамда судларга 5 та даво аризалари киритилди.
Масалан, Пастдарғом туманида фаолият юритувчи “Ҳақиқат” МЧЖнинг (номи ўзгартирилган) мурожаатини ўрганиш давомида Самарқанд вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан тузилган шартнома бўйича хизматлар тўлиқ бажарилган бўлсада, узоқ вақт мобайнида пули берилмай келинаётганлиги маълум бўлиб, ушбу қарздорлик ундириш ҳақида судга даъво аризаси киритилди ҳамда тадбиркор фойдасига бир миллиард йигирма етти миллион бир юз қирқ уч минг сўм ундириб берилди.
Тадбиркорлик субъектлари билан доимий мулоқотни ташкил қилиш ҳамда назорат қилувчи органлар ходимлари малакасини ошириш ва касбий маҳоратини аниқлаш мақсадида йил бошидан буён 12 маротаба сайёр қабуллар ўтказилди, 33 та семинарлар ташкил қилинди ҳамда 18 та назорат қилувчи органларнинг 440 нафар ходимлари тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказилди.
Бизнес-омбудсман институти фаолиятининг яна бир муҳим йўналишларидан бири бўлган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, уларни ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан жорий йилда 20 дан ортиқ асослантирилган таклифлар тайёрланди ҳамда уларнинг аксарияти тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ишлаб чиқилишида инобатга олинди.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, бу борада аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда айбдор шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлигини таъминлаб бориш келгусида ҳам Бизнес-омбудсман ходимлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Тадбиркорлар ўз фаолиятларида муаммо ёки таклифлар бўлса, турли тўсиқларга учраётган бўлса Бизнес-омбудсманга мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
Нодир Намозов,
Бизнес-омбудсман девони
Самарқанд вилоят шўъбаси ходими