Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорларнинг газ қарзи бўйича ҳақ-ҳуқуқи кўриб чиқилмоқда
11:42 / 2025-07-07

Сўнгги кунларда тадбиркорлик субъектларидан табиий газ учун асослантирилмаган ҳолда ҳисобланган қарздорликлар юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда. Айрим ҳолатларда ҳисоблашда техник ёки ташкилий хатоликларга йўл қўйилгани маълум бўлмоқда. Мазкур мурожаатлар мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда ва зарур чоралар кўрилмоқда.

Рақобат   қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармасига “Жиззах йўл қуриш таъмирлаш” МЧЖга “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали томонидан асоссиз қарздорлик белгиланганлиги юзасидан тушган мурожаат ўрганиб чиқилди.

Ўрганишларда мазкур МЧЖнинг абонент картасига амалда сарфланмаган табиий газ ҳажмлари киритиш орқали ундирилган 726 миллион 314 минг сўм маблағ асоссиз эканлиги аниқланиб, тадбиркорлик субъекти фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.

Махсус комиссия томонидан газ таъминоти корхонасига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли кўрсатма берилди.

Xудди шу каби, Жиззах шаҳридаги “Sofitel” МЧЖ шаклидаги Ўзбек-Хитой қўшма корхонасининг ҳам мурожаати ўрганиб чиқилиб, “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали томонидан тадбиркорлик субъектига нисбатан асоссиз равишда белгиланган тарифни 2 баравари қўлланилиши натижасида 1 миллиард 107 миллион 914 минг сўм нотўғри ҳисоблангани аниқланган. Махсус комиссия томонидан белгиланган тартибда газ таъминоти корхонасига нисбатан иш қўзғатилган ва мазкур маблағларни қўшма корхона фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича тегишли қарор қабул қилиниб, кўрсатма берилган.

Тадбиркорлар учун адолатли ва шаффоф хизмат кўрсатиш жуда муҳим. Табиий газ тўловларида йўл қўйилган хато ҳисоб-китоблар уларнинг ишончини сусайтирмаслиги керак. Шундай мурожаатларга бефарқ қаралмасдан, ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганилиши ва асосланмаган қарздорликлар бартараф этилиши — нафақат тадбиркор манфаати, балки тизимга бўлган ишончни сақлаб қолишнинг ҳам асосидир.

Нигора Раҳмонова,ЎзА