Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорларнинг банкдаги пулларини кўчириш ёки олиб қўйиш жавобгарликка сабаб бўлади
18:47 / 2023-01-23

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварағидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси партия мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда муҳокама этилди.

Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Жамшид Ўринов маъруза қилди:

— Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисоб рақамларидан қонун ҳужжатларида белгиланмаган тартибда пул маблағлари олиб қўйиш ёки ортиқча ундирилган ва тўланган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаган ҳолатлар вужудга келмоқда. Хусусан, 2021-2022 йилларда Бизнес-омбудсман девонига тадбиркорлардан жами 840 та ана шундай мурожаатлар келиб тушган. Шундан 557 таси ҳал этилган. Тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисоб рақамларидаги пул маблағларининг дахлсизлигини таъминлаш ҳамда давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларининг мансабдор шахслари жавобгарлигини ошириш мақсадида мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу ҳужжат билан тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз кўчириш ёки олиб қўйиш ҳолатлари бўйича маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини тадбиркорлик субъектларининг розилигисиз қонунга хилоф равишда кўчириш ёки олиб қўйиш 6 миллион сўмдан 12 миллион сўмгача миқдорда жарима солиниши белгиланмоқда.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари таъкидлаганидек, партия ҳар қандай ҳолатда ҳам тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлашга астойдил ҳаракат қилади ҳамда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уни асоссиз тўхтатиб турганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини оширишни муҳим, деб ҳисоблайди. 

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳам тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий чораларини кучайтиришга имкон яратади. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи дахлсизлиги таъминланишига хизмат қилади.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА