Тошкент вилоятида тадбиркорлик субъектларига ўтказилган текширувлар таҳлили назорат органлари фаолиятида қонунбузилиш ҳолатлари мавжудлигини кўрсатди. Бизнес Омбудсман аралашуви билан бундай ҳолатларга чек қўйилиб, 60 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Тошкент вилоятида тадбиркорлик субъектларига ўтказилган назорат ва текширувлар жорий йилда бу борадаги фаолликнинг юқори бўлганини кўрсатмоқда.
Вилоят бўйича 7 774 та тадбиркорлик субъектида текширув ўтказилган бўлиб, бу ўртача ҳар 8 тадбиркордан 1 нафари назоратдан ўтганини англатади.
Айрим туманларда бу кўрсаткич янада юқори — Оҳангарон туманида ҳар 4 тадбиркордан бири, Қуйичирчиқ ва Пискент туманларида эса ҳар 5 тадбиркордан бири текширувдан ўтган.
Энг кўп текширувлар солиқ органлари (4 986 та) ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (1 471 та) томонидан амалга оширилган.
Бизнес Омбудсман аралашуви натижасида текширувларнинг қонунийлиги юзасидан ўрганишлар олиб борилиб, 60 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси кўрилди. Уларнинг 28 нафари солиқ, 9 нафари ветеринария, 8 нафари экология ва 4 нафари қурилиш соҳаси ходимларидир.
Мазкур чора-тадбирлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш, назорат органлари масъулиятини ошириш ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Бизнес Омбудсман томонидан ҳудудлардаги ҳолатлар доимий мониторинг қилиниб, қонунбузилиш ҳолатларига барҳам бериш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баянов, ЎзА