Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорларимизнинг қатъияти азми-шижоати билан узвий боғлиқ
15:04 / 2021-08-20

Мамлакат тараққиёти, унинг бойлиги, фаровонлиги, халқининг эса ўзи ҳам, кўзи ҳам тўқлиги кўп жиҳатдан бизнес тузилмаларнинг самарали фаолиятига боғлиқ. Айни пайтда тинч, хотиржам, хавфсиз, осойишта, ҳар жиҳатдан барқарор муҳитдагина тадбиркорлик гуллаб-яшнайди.

Аслида тадбиркорлик, уддабуронлик, ишнинг кўзини билиш ва шу билан бирга етти ўлчаб бир кесиш халқимизнинг қон-қонида бор. Ўз завод-фабрикаси, банки, хусусий мулки, сармоясига эга бўлган бадавлат инсонлар бойлик билан бирга халқнинг маърифатли, билимли, ориф бўлишини астойдил истаганлари, шу мақсадда маблағларини мактаблар қуришга, китоб, дарсликлар чоп этишга йўналтирилгани тарихий манбалардан яхши маълум.

Собиқ шўролар даврида кимнингдир хусусий корхонаси, фирмаси, хўжалиги, савдо шохобчаси, қўйинг-чи, бизнес манбасига эга эканини қанчалик тасаввур этиш қийин бўлса, эндиликда тадбиркорларсиз иқтисодиётимизни ҳам, тўкин ҳаётни ҳам кўз олдимизга келтириш мушкул. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида недир кооператив шаклидаги тузилмаларнинг пайдо бўлгани рост. Аммо улар "сунъий тўсиқ"лар туфайли узоққа бормади.

Ватанимиз мустақил тараққиётининг ўтган ўттиз йилида одамлар хусусий мулкка эга бўлиши, ўз тадбиркорлик ишини йўлга қўйиши, кези келганда, хорижий ҳамкорлар билан иш бошлаши учун қулай муҳит яратилди. Айниқса, кейинги беш йил мобайнида мамлакатимизда яратилган қулай инвестицион муҳит кичик ва ўрта тадбиркорликнинг гуллаб-яшнашида муҳим омил бўлмоқда. Бунда бизнес доираларнинг муаммоларига ечим топиш, уларнинг самарали ишлаши учун тўсиқ бўлаётган молиявий, бюрократик ва бошқа турли тўсиқларни олиб ташлаш йўлида дадил қадамлар қўйилди. Эндиликда хусусий бизнес кириб бормаган соҳанинг ўзи қолмади.

Бугун сайёҳлик, савдо ва хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, таълим ва бошқа жабҳаларда хусусий тадбиркорлик жадал равнақ топмоқда. Бу эса мамлакатимизда янги-янги иш ўринларини ташкил этиш, одамларнинг меҳнат бандлигини таъминлашда, оддий тилда айтганда, халқимизнинг оғирини енгил қилишда баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келмоқда.

Тадбиркорлик аслида дангалчилигу таваккалчиликларга, меҳнату машаққатларга, қийинчиликларга тўлиб-тошган соҳа. Бунда ўз тадбиркорлик ишини бошлаган одамнинг куйиб қолиши ҳеч гап эмас. Бироқ шунга қарамай, эркаклар билан бирга аёлларимиз, ёшларимиз ҳам бу жабҳада катта муваффақиятга эришаётгани қувонарлидир. Соҳадаги ютуқларни тарғиб этишда Президент соврини учун ўтказиладиган "Ташаббус" кўрик-танлови, "Йил аёли" танлов-лойиҳаларининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Юрт бошига иш тушган оғир пандемия даврида Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди. Бу ҳаракатнинг фаол таянчи эса мамлакатнинг олийҳиммат тадбиркорлари, хусусий бизнес вакиллари бўлди, десак янглишмаймиз. Шифохоналар, муҳтож оилаларни зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, керакли дори-дармон билан таъминлашда уларнинг ҳам ҳиссаси муносиб бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Ўз навбатида, бизнес структураларининг рисоладагидек иш юритиши учун энг оғир дамда зарур барча имконият, преференциялар, имтиёзлар яратиб берилди.

Ўз ишини ҳалол, ҳаққоний йўлга қўя олган тадбиркорларнинг "ғалати" анъанасими, одати бор. Улар ўзлари кўрсатган хайрия, меҳр-саховат ишлари ҳақида етти иқлимга кўп ҳам жар солавермайди. Эзгу ишларини дунёга достон қилавермайди. Айни жиҳатни ўз савобли бизнеси муваффақиятининг асосий омили, деб биладилар. Бугун мамлакатимизда равнақ топган тадбиркорлик муҳити эса давлатимиз томонидан уларга кўрсатилаётган эътибор, ишбилармон юртдошларимизнинг қатъияти, мақсад сари дадил бориши, азму шижоати билан узвий боғлиқ экани муқаррар!

Зеро, тинч, осуда, эртанги кунига ишончи бор юртдагина тадбиркорлик ривож топади.

 

Назокат УСМОНОВА, ЎзА