Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорларга яқин кўмакчи
09:08 / 2021-05-12

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорликни янада кенгайтириш, уларга қулай шароит ва имкониятлар яратиш, уларни қийнаётган муаммоларга ўз вақтида ечим топиш борасида манзилли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, 2019 йилда ҳудудларда ташкил этилган Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасининг ташкил этилганлиги бу борадаги ишларнинг янада жонланишига сабаб бўлди.

Учқудуқ тумани Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 161 та масалада 153 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 129 таси ижобий ҳал қилинди, 32 тасига тушунтириш берилган. Тадбиркорлар мурожаатлари Бош вазир қабулхонасининг “business.gov.uz” порталига киритилиб, тегишлилиги бўйича масъул корхона ва ташкилотларга юборилиб, қаноатлантириш чоралари кўрилмоқда.

– Туманимизда қабулхонага келиб тушаётган мурожаатларнинг ўз вақтида ечимини топишга алоҳида эътибор қаратганмиз, – дейди қабулхона мудири Иномжон Ҳайдаров. – Жумладан, “Ўз Дом Строй” МЧЖ раҳбари Умиджон Келдиёровнинг мурожаатидан сўнг “Абай” маҳалласи ҳудудидан қурилаётган кўп қаватли турар жой комплекси иссиқлик манбаига улаб берилди. "Uchquduq dunyo trade" МЧЖ раҳбари Жавлон Маҳмудовнинг мурожаатидан сўнг савдо хизматларини ташкил этиш ва жиҳозлаш учун сўралган 600 миллион сўм кредит маблағи ажратилишига эришилди. Шунингдек, “Uchquduq ravon yo’l” МЧЖ раҳбари Азиз Қосимовнинг мурожаатидан сўнг хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида “Автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошишриш бўйича лозим бўлган ускуналарни сотиб олиш учун 370 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи ажратиб берилиши таъминланди.

Таъкидлаш ўринлики, мурожаатларнинг 90 фоизга яқинини жойларда ташкил этилаётган “Сайёр қабул”ларда қабул қилинган мурожаатлар ташкил қилади. Уларнинг аксарияти “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасидаги имтиёзли кредитлар, ер, кадастр, архитектура ва қурилиш, инфратузулма, солиқ масалаларидир.  

 

Абдували Бўриев, ЎзА