Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклида ўтказган учрашувида тадбиркорлар тинч, эркин ва фаровон ҳаётимиз гарови эканига эътибор қаратди.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Қобил Турсунов мазкур учрашув билан боғлиқ фикрлари билан ўртоқлашди:
– Давлатимиз раҳбари тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Сўнгги йилларда иқтисодиётимиз қарийб икки баробар ўсди. Ўтган йил якуни бўйича бу ўсиш 6 фоизни ташкил қилди. Тадбиркорлик субъектларининг сони 2 карра кўпайди, саноатдаги ўсиш суратлари 40 фоиздан ошди, қисқа муддатда камбағалликни 2 баробардан зиёд қисқартиришга эришилди. Бунда тадбиркорларнинг фаоллиги, уларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани муҳим ўрин тутмоқда.
Айниқса, кичик тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш бўйича қабул қилинган қарор ва фармонлар, шунингдек, бу соҳага берилаётган катта эътибор натижасида 2019-2024 йилларнинг январь-июнь ойлари давомида жами 290,6 мингта кичик корхона ва микрофирма янгидан ташкил этилди.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида тадбиркорлик субъектларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 47,5 фоизни, саноатда 28 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида 96,6 фоизни, инвестицияда 48,7 фоизни, қурилишда 72,2 фоизни, хизматларда 46,6 фоизни, экспортда 28,9 фоизни ҳамда аҳоли умумий даромадлари ҳажмида кичик тадбиркорликдан олинган даромадларнинг улуши 55,8 фоизни ташкил этаётгани ҳам юқоридаги сўзимизнинг ёрқин ифодасидир.
Дунёда давом этаётган мураккаб иқтисодий инқироз, нотинчлик ва зиддиятлар фонида юзага келаётган озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгариши муаммолари рўй бераётган бир пайтда, миллий иқтисодиётимиздаги ижобий ўзгаришлар барча соҳада олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг самарасидир.
Ҳеч бир ривожланаётган мамлакатлар тажрибасида учрамайдиган воқелик – Президентимиз томонидан ҳар йили тадбиркорлар билан ўтказиладиган очиқ мулоқот ва унда билдириладиган таклифлар асосида тадбиркорликка янада кенг шароит ва енгилликлар яратиш, бу борада муҳим қарорлар қабул қилиш доимий тус олди. 20 август – “Тадбиркорлар куни” деб белгиланди.
Бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд. Ҳужжатларнинг ниҳоятда кўплиги уларни амалда қўллашда қийинчиликларни келтириб чиқарар, тадбиркорлик субъектларининг асосли эътирозларига сабаб бўлар эди.
Шу боис ҳам тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишда замонавий тенденциялардан кенг фойдаланилган ҳолда, мавжуд бўшлиқларни бартараф этиш, янги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ тартибга солиш лозимлиги ҳозирги куннинг талаби, десак муболаға бўлмайди.
Президентимиз ташаббуси билан Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш қарийб уч йил давом этди. Тадбиркорларнинг ҳам минглаб таклифларидан, илғор хорижий давлатларнинг соҳадаги илғор тажрибаларидан фойдаланилди.
Яқинда Сенатнинг 55-ялпи мажлисида Тадбиркорлик кодекси сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Кодекс билан юздан ортиқ қонунчилик ҳужжати, жумладан, 9 қонун унификaция қилинди.
Куни кеча бўлиб ўтган тадбиркорлар билан мулоқот давомида тадбиркорларга янги ва катта имкониятлар берилиши алоҳида қайд этилди. Парламент раҳбарларига кўтарилган масалалар бўйича қонун лойиҳалари киришини кутиб ўтирмасдан, депутатлардан иборат гуруҳлар тузиб, ҳужжатларни ишлаб чиқишга тезроқ киришиш топширилди. Бу ҳар биримизга тааллуқли бўлиб, бу йўналишда фаоллик кўрсатишимиз зарур.
Норгул Абдураимова,
ЎзА