Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсонни эъзозлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Эзгуликка йўғрилган бу саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимизнинг розилигини олишда кутилган натижа бераётир.
Бу борада Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича ўз фаолиятини амалга ошириб, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Хусусан, 2020 йилда Омбудсман номига юртдошларимиз, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар томонидан 14 минг 975 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 33,5 фоизи инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, 37,3 фоизи ижтимоий, 25,3 фоизи иқтисодий, 3 фоизи сиёсий, 0,7 фоизи эса экологик ҳуқуқларга тегишлидир.
Шунингдек, Омбудсман парламент назорати субъекти сифатида 4 минг 486 та мурожаатни кўриб чиқишни ўз назоратига олиб, давлат ва жамоат ташкилотларига 4 минг 987 та сўров юборган. Мурожаат қилувчилар томонидан баён этилган ҳолатлар, далил-исбот ва фактларни ҳар томонлама ўрганиш учун 501 та ҳолатда Омбудсман мурожаатлари икки ва ундан ортиқ ташкилотларга юборилган.
Омбудсман ҳисоботида келтирилганидек, мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида ташкилотларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоятлар 1 минг 250 та ҳолатда асосли бўлиб чиққан. Мурожаат этувчиларнинг далил-исботлари 625 та ҳолатда ўз тасдиғини топмаган. 1 минг 848 та ҳолатда ташкилотлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиб чиққан ҳамда мурожаат этувчиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилмаганлиги маълум бўлган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматованинг айтишича, Омбудсманга келиб тушган 7 минг 946 та мурожаат тааллуқлилигига кўра давлат органлари, ташкилотлар, муассасалар ва мансабдор шахсларга юборилган. Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан 2 минг 543 та мурожаат юзасидан амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларига оид тушунтириш ва бу мурожаатларда кўтарилган муаммоларни ҳал этишга доир тавсиялар берилган.
Давлат фуқароларнинг хусусий мулкини ҳимоя қилиши, муносиб меҳнат шароитларига доир ҳуқуқларини таъминлаши, хусусий тадбиркорлик ва фермер хўжалиги ривожини рағбатлантириши ҳаммамизга яхши маълум.
Ушбу даврда Омбудсманга инсон ва фуқаронинг иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш билан боғлиқ 3 минг 798 та мурожаат келиб тушган. Масалан, 1 минг 292 та мурожаат фуқароларнинг шахсий мулкка бўлган ҳуқуқларини, 1 минг 46 таси меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, 555 таси тадбиркорлик фаолияти эркинлиги ва уни рағбатлантириш, 586 таси фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларини судда ҳимоя қилиш, 146 таси меросга бўлган ҳуқуқ, 173 таси эса бошқа масалаларга оид мурожаатдир.
Парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ 1 минг 472 та мурожаат ўз иш юритувига олиниб, кўриб чиқилган. Биргина тадбиркорларга 2 миллиард 273 миллион сўм кредитларни расмийлаштириш, суд қарорларида белгиланган 626,2 миллион сўм зарар ундирилишида ва 135 миллион сўм ортиқча тўланган солиқ тўловларини қайтариб берилишида кўмаклашилган.
Кейинги йилларда фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ҳар қандай инсон учун энг муҳим мулк, аввало, бу унинг уй-жойидир. Шу боис, мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сўнгги йилларда жиддий такомиллашди. Лекин шунга қарамай, мазкур ҳуқуқларни амалда ҳимоя қилиш борасида баъзи муаммолар учраб турибди.
Мисол учун, Омбудсманга 2020 йил давомида мулк ҳуқуқи билан боғлиқ 1 минг 292 та мурожаат келиб тушган. Омбудсман томонидан бино-иншоотлари бузилиб, ер участкаси олиб қўйилган фуқароларнинг бузилган ёки олиб қўйилган мулклари учун 898 миллион 175 минг сўмдан ортиқ компенсация пуллари тўланишида, 14 та фуқарога уй-жой қуриш учун ер участкаси ажратилишида, 7 та фуқарога уй-жой ажратиб берилишида ёрдам берилиб, уларнинг ҳуқуқлари таъминланган.
Йиғилишда фракция аъзолари Омбудсманга хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектлари ва фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш масалаларига янада кўпроқ эътибор қаратишни таклиф этди.
Тадбиркорлар ва бизнес вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши аҳолининг турмуш даражасини янада ошириш, бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш учун долзарб масала эканлигини ҳисобга олиб, ушбу масалани тез-тез ўрганиш ва мониторингини ўтказиб туриш лозимлиги таъкидланди.
Муҳокамалар давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маъқулланди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА