Ҳозирда Бухоро вилоятининг Пешку туманида 1 600 дан зиёд тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Уларнинг 760 дан ортиғи юридик ва 900 га яқини якка тартибдаги тадбиркорлардир.
Жорий йилнинг ўтган даврида тумандаги юридик корхоналар сони 71 тага ва якка тартибдаги тадбиркорлар эса 83 тага кўпайди. Бу ўз ўзидан тадбиркорлик йўналишлари учун берилаётган солиқ имтиёзлари ва енгилликлари ҳамда ҳудудда бизнес муҳити тобора яхшиланаётганидан дарак беради.

Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Дилшод Юлдашев туманда фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашиб, бизнес вакилларига соҳага оид сўнгги ўзгаришлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида берилаётган солиқ имтиёзлари тўғрисида маълумот берди.
Очиқ мулоқотда тадбиркорларнинг солиқ ҳисоботларини топшириш, солиқ имтиёзларидан фойдаланиш, маъмурий жарималарни қўллаш ва кадастр ҳужжатлари бўлмаган ер майдонларига солиқ ҳисоблаш тўғрисидаги мурожаатлари тингланиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

Тадбир якунида солиқ маъмурчилигига амал қилиб илғор натижаларга эришиб келаётган бир гуруҳ солиқ тўловчиларга миннатдорлик билдирилиб эсдалик совғалари топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.