Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорларга қулайлик
22:14 / 2023-08-23

Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти бўйича фойдаланилмаётган ва хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари ва сотилиши керак бўлган ер майдонлари бўйича тадбиркорлар учун “Roadshow” тақдимот бўлиб ўтди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳудудий бошқармаси, вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда ҳамкор бошқармалар раҳбарлари, 150 дан зиёд маҳаллий тадбиркорлар иштирок этди. Тадбирда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, кейинги пайтларда мамлакатимизда қулай инвестиция муҳитини яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусий капитал иштироки учун кенгроқ имкониятлар яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини янада яхшилаш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.  

Қайд этилганидек, хусусийлаштириш дастури доирасида давлат улуши мавжуд корхоналар 6 баробар ёки ҳозирги 2 минг 300 тадан 360 тага камайишини, 17 турдаги давлат монополияси бекор қилиниб, уларга хусусий сектор кенг жалб қилинади. Жумладан, умумий ер майдони 10 минг метр квадратгача бўлган объектлар сотилганда тўланадиган маблағлар вилоятнинг маҳаллий бюджетига ҳамда объект жойлашган туман (шаҳар) бюджетига тенг тақсимланади. Ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан сотилган объектлар бўйича тушадиган маблағлар тегишли маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаларига ўтказилади.  

“20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури бўйича тадбиркорларга давлат объектларини сотиб олиш тўловларини тўлаш учун қўшимча муддат берилади. “Ёшлар дафтари”га киритилган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлиги таъминлаган тадбиркорга давлат мулки ижараси учун 50 фоиз чегирма берилади. Ҳозирги вақтда 485 та объектларни ижарага бериш бўйича аукцион савдолари давом этмоқда.  

– Бугунги кунда яна 2282 та (300,1 гектар) ер участкалари бўйича аукцион савдолари давом этмоқда, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳудудий бошқармаси Сардор Жумаев. – Ушбу тақдимотларни ўтказишимиздан асосий мақсад соҳадаги янгиликларни тадбиркорларга, қолаверса кенг жамоатчиликка етказиш орқали уларга бизнес фаолиятини ривожлантиришга амалий ёрдам беришдан иборат.  

А.Мусаев, ЎзА