Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш иқтисодиёт ривожида муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти таъсис этилгани тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил айни пайтда тадбиркорлар фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувининг олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш бўйича изчил фаолият юритмоқда.
Вакил, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этмоқда.
Давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни ҳам амалга оширмоқда.
Жумладан, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганини ўрганишда иштирок этмоқда.
Вакил девони ходимлари томонидан мунтазам равишда тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган сайёр учрашувлар ҳам ўтказилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг май-июнь ойларида Тошкент шаҳрининг барча туманларида тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказилди. Тадбиркорлардан келиб тушган саволлар таҳлили шуни кўрсатдики, уларни асосий қизиқтирган масалалардан бири қўшилган қиймат солиғи ўрнини қоплашдир.
Шу асосда Вакил девони ходимлари ташаббуси билан Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда олиб борилган ва ташкиллаштирилган ишлар натижасида юз нафар тадбиркорлик субъектининг жами 153,5 миллиард сўмга яқин миқдорда қўшилган қиймат солиғи суммалари ўрни қопланиши ва тадбиркорлик субъектларига қайтарилиши таъминланди.
Х.Эгамбердиев,
Президент ҳузуридаги
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича
вакил девони мутахассиси.
ЎзА