Мамлакатимизда қулай бизнес муҳитини яратиш, назорат қилувчи органлар масъулиятини ошириш ва тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Бизнес-омбудсман тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш чораларини кўриб бормоқда.
Жумладан, Бизнес-омбудсман девони томонидан автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг муаммолари таҳлил қилинди.
Амалдаги тартибга кўра (Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 636-сон қарори билан тасдиқланган Низом), автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш фаолияти билан шуғулланиш учун махсус лицензия ҳамда ҳар бир автотранспорт воситаси учун алоҳида лицензия варақаси олиниши лозим.
Бироқ амалиётда назорат қилувчи органлар томонидан автотранспорт воситасининг лицензия варақасисиз ҳаракатланиши – фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш сифатида нотўғри баҳоланган. Оқибатда, тегишли фаолият тури учун лицензияси мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан оғир миқдордаги молиявий жарималар қўлланилган.
Мазкур ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш мақсадида Бизнес-омбудсман девони томонидан Транспорт вазирлигига тақдимнома киритилди. Вакил девони ходимларининг бевосита аралашуви ва кўрилган чоралар натижасида 10 дан зиёд ҳолатда тадбиркорларга нисбатан қўлланилган 1,5 миллиард сўмдан ортиқ молиявий жарималар бекор қилиниши таъминланди.
Шунингдек, таъкидланган ҳолатга имкон берувчи сабабларни келгусида бартараф қилиш мақсадида, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиб ваколатли органга тақдим қилинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА