Самарқандда Президентимиз раислигида шу йил 18 апрелда ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини оширишга бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижроси бўйича семинар бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси ҳамда Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда Қонунчилик палатаси ва вилоят Кенгаши депутатлари, маҳаллий Кенгашлар котибияти мудирлари, иқтисодиёт ва молия, солиқ, кадастр, давлат активлари, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари ходимлари иштирок этди.

Семинарда асосий эътибор ҳудудларни ривожлантиришда уларнинг салоҳияти, имкониятлари, тадбиркорлик фаоллиги ва бошқа бир қанчи омилларни ҳисобга олган ҳолда солиқ механизмларини қўллашда маҳаллий Кенгашларнинг роли ва вазифаларига доир масалалар муҳокамасига қаратилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаров, Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши раиси Шуҳрат Негматов ва бошқалар мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида солиқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилингани, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида тўғридан-тўғри қўлланувчи нормалар жорий этилганини таъкидлади. Солиқлар сони 13 тадан 9 тага камайтирилди.

Ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ҳудудий иқтисодий тенгсизликларни юмшатиш мақсадида ер солиғи ҳамда ер участкаларини ижарага беришдаги тўлов миқдорларига турли коэффициентлар қўлланилишига оид нормалар Солиқ кодексининг 429-моддасида акс эттирилган. Бугунги кунда вилоятлар маҳаллий Кенгашлари томонидан солиқ ставкаларини туман ва шаҳарлар бўйича белгилашда ҳамда туман ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ҳар бир даҳа, массив, маҳалла, кўча бўйича оширувчи ёки камайтирувчи коэффициентларни белгилашда аниқ мезонлар ишлаб чиқилмаган.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, маҳаллий ҳокимиятлар (иқтисодиёт ва молия бошқармаси, солиқ бошқармаси) томонидан солиқ ставкаларига оширувчи коэффициентлар жорий қилиш миқдори бўйича таклифлар ҳудуднинг бюджет харажатлари ҳамда солиқ чиқими ҳажмидан келиб чиқиб Кенгашларга тақдим этилмоқда.
Амалиётда Кенгашлар қошидаги тегишли комиссиялар, шунингдек, вилоятнинг солиқ-бюджет жараёнларига алоқадор бўлган ташкилот ва идоралар томонидан чуқур иқтисодий таҳлиллар ўтказилмаганлиги ёки ушбу масалага юзаки ёндашилганлиги сабабли оширувчи ёки пасайтирувчи коэффициентлар асоссиз равишда қўлланилмоқда. Бу эса ўз навбатида кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг харажатлари ошиб кетишига олиб келади. Масалан, кўчмас мулк ижараси бўйича энг кам ставканинг икки бараварга оширилиши ҳолатида тўланадиган солиқ миқдори кўтарилади, бу эса тадбиркорнинг харажатларини оширади ва оладиган фойдасини камайтиради.
Семинарда Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссия раисларига ер солиғи ва ижара тўловлари учун белгиланган минимал қийматларга оширувчи коэффициентларни белгилашда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш даражасидаги фарқланишини инобатга олиш, сармоя жалб этилмаган ёки инфратузилмаси ривожланмаган ҳудудларда тадбиркорликни рағбатлантириш бўйича тавсиялар берилди.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири