Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорларга божхона тўловларидан салкам 11 триллион сўм имтиёзлар қўлланилди
11:03 / 2022-10-14

Бугунги кунда божхона органлари томонидан мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона тўловларини ундириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда чек қўйиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи Толибжон Саидовнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари мобайнида бошқарма томонидан 15,4 триллион сўмлик божхона тўловлари ундирилиб, давлат бюджетига ўтказилишига эришилди. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан салкам 10 триллион 994 миллиард сўм имтиёзлар берилди. 

Имтиёз қўлланилган асосий товарлар таркибини транспорт воситалари ва унинг қисмлари, технологик асбоб-ускуналар, фармацевтика маҳсулотлари, тиббиёт асбоб-ускуналари ҳамда маиший-техника ва уларнинг қисмлари ташкил этди. Шунингдек, бошқарма томонидан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига 216,4 миллиард сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилди. 

Бу эса тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хорижга экспорт қилишни муносиб рағбатлантиришга хизмат қилиб келмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 1 миллиард 948 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган товарлар хорижий мамлакатлар бозорларига йўналтирилди. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 196,5 миллион АҚШ доллар ёки 10 фоизга ошди. 

Товарлар 80 га яқин давлатларга экспорт қилинган бўлиб, асосий ҳамкор давлатлар Россия, Туркия, Хитой ва Қозоғистон давлатлари ҳисобига тўғри келмоқда. Экспорт қилинган асосий товарлар: металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар, тўқимачилик, электроника ва уларнинг қисмлари, калава ип, озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотлари ҳисобига тўғри келмоқда. 

Божхона постларида жами 55 минг 424 та божхона кўриги жараёнлари амалга оширилиб, 255 минг 972 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилди. 

Божхона юк декларациялари Хавфни бошқариш ахборот тизими бўйича йўлаклар кесимида таҳлил қилинганда, декларацияларнинг 69 минг 862 таси, яъни 27,3 фоиз, “яшил йўлак”, 130 минг 580 таси 51,1 фоиз “сариқ  йўлак”, 55 минг 530 таси 21,6 фоиз “қизил йўлак” тартибида  расмийлаштирилган. Бошқармада божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишини олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, контрабандага қарши курашиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.   

Жумладан, ҳисобот даврида 2 минг 664 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, натижада 222,2 миллиард сўмлик товар-моддий бойликлар вақтинча сақловга олинди. Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича 34,8 миллиард сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Бошқарма томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда гиёҳванд воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши кураш йўналишида 35 та ҳолатда 9 кг. 337,16 гр., жумладан, 6 минг 605 дона таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. 

Психотроп ва кучли таъсир этувчи, заҳарли ва заҳарловчи моддаларни ноқонуний айланиши билан боғлиқ 21 та ҳолатда 2 килограмм 323,53 гр. кучли таъсир этувчи модда ва 2 минг 999 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ушлаб қолинди. 

Бундан ташқари, товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида 1 миллиард 949,88 миллион сўмлик 129 минг 760 қути тамаки маҳсулотлари ноқонуний айланувига билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди. 

Контрабанда ва божхона қонун бузилишига қарши муросасиз курашиш, фискал вазифаларни ортиғи билан бажариш, божхона тўловларини ўз вақтида ва тўғри ундириш, унда, илғор усулларни қўллаган ҳолда божхона назоратини олиб бориш бўйича аниқ ишлар бажарилмоқда. 

Замонавий технологиялар ва махсус техник воситаларни қўллаган ҳолда фаолият самарадорлигини ошириш, божхона процедураларини соддалаштириш, хавфни бошқариш механизмлари орқали ҳалол тадбиркорларга имтиёзли божхона расмийлаштирувини амалга ошириш, кадрлар билан ишлаш ва коррупцияга қарши курашилмоқда.

Шаҳноза Маматуропова,  
ЎзА