Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 июлдаги қарорига асосан ажратилган субсидияларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан Фарғона вилоятида ўрганиш ўтказилди.
Ўрганиш натижасида 2023–2024 йилларда тадбиркорлик субъектларига ажратилган умумий 9,3 млрд сўм субсидия маблағларининг 1,4 млрд сўмдан ортиқ қисми ўзлаштириб юборилгани аниқланди.
Қонунбузарлик ҳолатлари қуйидаги ҳудудларда қайд этилган:
Учкўприк туманида 2 та юридик шахс томонидан 37 нафар касаначига етказилиши керак бўлган 309,4 млн сўмлик ускуналар берилмаган.
Риштон туманида 1 та юридик шахс 42 нафар касаначи учун ажратилган 277,2 млн сўм субсидияни мақсадсиз ишлатган.
Боғдод туманида 2 та юридик шахс 54 нафар касаначи номи орқали 275 млн сўмни ўзлаштирган.
Бешариқ туманида 1 та юридик шахс 33 нафар касаначига тегишли 192,4 млн сўмлик ускуналарни етказмаган.
Қўқон шаҳрида 1 та юридик шахс 17 нафар касаначига мўлжалланган 160,5 млн сўмлик ускуналарни топширмаган.
Фарғона туманида 14 нафар фуқаро номи бўйича 106,3 млн сўм,
Фарғона шаҳрида 15 нафар фуқаро номи бўйича 98 млн сўм,
Данғара туманида 7 нафар фуқаро учун ажратилган 51 млн сўм субсидия маблағлари талон-торож қилинган.
Шунингдек, умумий 335 млн сўмлик субсидия маблағлари асоссиз ажратилгани ҳам маълум бўлди. Хусусан, 6 нафар фуқарога қарори талабларига зид равишда икки марта субсидия берилиб, жами 34,9 млн сўм ажратилган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 майдаги 252-сон қарори асосида тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 47 нафар фуқаро аввал субсидия олган бўлса-да, уларга яна такроран 300,1 млн сўм ажратилгани аниқланган.
Ўрганиш шуни кўрсатдики, субсидияларнинг мақсадли сарфланиши устидан назоратни амалга ошириши лозим бўлган Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлими ходимлари ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан масъулиятсизлик ва йўл қўйилган қўпол хатолар ҳолати мавжуд.
Тўпланган материаллар асосида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган.
Ҳамроз Баянов, ЎзА