Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг жорий йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида барқарор иқтисодий ўсиш динамикаси кузатилмоқда. Хусусан, ўтган тўққиз ойда ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,6 фоизга, бозор хизматлари 14, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 6,8, қурилиш ишлари 14,2 ва қишлоқ хўжалиги 4,1 фоизга ўсган.
Ҳисобот даврида “Камбағалликдан фаровонлик сари” лойиҳаси доирасида 1 минг 24 та маҳаллада ободонлаштириш ишлари, сув ва электр таъминотида муайян чоралар амалга оширилган.
Шунингдек, “Ташаббусли бюджет”нинг 2 та мавсумида 50 мингта лойиҳа шакллантирилди. 6,6 триллион сўмлик 4 минг 774 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Ушбу лойиҳаларнинг 46 фоизи ички йўллар, 21 фоизи мактабларни таъмирлаш билан боғлиқ. Биринчи мавсумда 737 та маҳалла лойиҳалари илк марта ғолиб деб топилган. Биринчи мавсум учун 2 триллион 715 миллион сўм маблағ лойиҳа пудратчиларига ўтказиб берилган.
Депутатлар партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Таъкидланганидек, тадбиркорлар учун жорий йилнинг тўққиз ойида қўшилган қиймат солиғидан манфий фарқни қоплаш учун солиқ тўловчиларга 18,1 триллион сўм миқдоридаги тушумлар, шунингдек 1,4 триллион сўм миқдоридаги кешбэк суммалари қайтариб берилган. Шунингдек, жарималар сони ва миқдорлари қисқартирилаётгани, бюджетдан субсидиялар тақдим этилаётгани, солиқ имтиёзлари берилаётгани тадбиркорлик фаоллигини ошириш учун имкониятлар сифатида баҳоланди.
Қизғин савол-жавоб ва муҳокамалардан сўнг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг жорий йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот маъқулланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА